Reuters Зеленскийнинг “Катта еттилик”дан асосий талабини маълум қилди
Украина Президенти “Катта еттилик” мамлакатлари етакчиларига Киевга қурол етказиб беришни кўпайтиришни сўраб мурожаат қилади, деб хабар тарқатди Reuters. РИА Новости ушбу маълумотга таяниб қуйидагиларни ёзди.
Reuters берган маълумотга кўра, Украина раҳбари асосий эътиборини ҳаво ҳужумига қарши мудофаа воситаларига қаратади.
"G7 етакчилари Украинани қўллаб-қувватлаш имкониятларини муҳокама қилиш ҳамда Зеленскийни эшитиш учун 11 октябрь куни тўпланишади. Аввалроқ Зеленский ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини “биринчи ўриндаги устуворлик”, деб атаганди", – дейилади хабарда.
Бундан ташқари, “Катта еттилик” аъзолари Россиянинг яқин иттифоқчиси бўлган Беларусга Россия билан қўшма армиясини Украина яқинига жойлаштиргани учун огоҳлантириш билан чиқиши мумкин.
Аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден Зеленский билан телефон орқали суҳбатлашиб, Киевга нима керак бўлса, жумладан, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини ҳам етказиб беришга ваъда берганди.