Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Реставрация, қурилиш ва таъмирлаш ишларига муҳтож Араб ота мақбараси масъуллар эътиборидан четда қолмади
13:19 / 2023-11-22

Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида жойлашган Тим қишлоғи ҳақида эшитганмисиз? Тим қишлоғи вилоят маркази Самарқанд шаҳридан 130 км, туман маркази Нуробод шаҳридан 60 км узоқликда жойлашган.

Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Тим қишлоғининг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Қишлоқда ўрта асрларга оид бўлган Араб ота, Оқмачит каби меъморий ёдгорликлар, Қўрғонтепа ёдгорлиги, қоятош суратлари, қадимги металл конларининг ўринлари топилган. Мазкур қишлоқда жойлашган Араб ота мақбарасининг тарихи милодий 977–978-йилларга бориб тақалади. Демак, қишлоқнинг ўтмиши юқорида келтирилган йилларга тўғри келади.  

Ўтган 2015 йилда Самарқанд археология институти ходимлари томонидан туманда жойлашган археологик ёдгорликлар рўйхатга олинган ва Нуробод тумани каталоги нашр этилган. Ушбу каталогда Тим қишлоғи ва унга яқин бўлган Остонабобо, Саҳоба, Чангалли, Қўчқорли ота ва бошқа қишлоқлардаги ҳар бир ёдгорликнинг жойлашган ўрни, аниқ координатлари, ташқи кўриниши, топографик тарихи, топилган археологик буюмларнинг суратлари ва чизмалари берилган.  

Самарқанд археология институти изланувчилари томонидан Нуробод туманидаги Тим қишлоғида мунтазам равишда илмий тадқиқот ишлари олиб борилади. Жумладан, ўтган 2022 йилда институтнинг илмий ходимлари ва маҳаллий ўлкашунослар, жамоатчи инспекторлар билан бирга олиб борилган тадқиқотлар натижасида Тим қишлоғи яқинидаги Қудуқчасой, Туятош каби сойлардан янги қоятошга чизилган расмлар рўйхатга олинди. Айниқса, Қудуқчасойдаги тошда суворий, ёввойи тоғ эчкилари, архар, турли геометрик белгилар, қадимги туркий-рун битиклари учрайди. Расмларнинг кўпчилиги узоқ йиллик табиат ҳодисалари таъсири натижасида емирилиб,  хира тортиб қолган. Аниқланган ёзувлар устида ҳозирги пайтда илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Қудуқчасойдан металл руда конининг ўрни ҳам қайд этилди. Ушбу кон атрофидан бронза ва илк ўрта асрларга оид бўлган сопол идишлар ҳамда турк-руний ёзуви кашф этилди.  

Шунингдек, Тим қишлоғи яқинидаги Чангаллисойдан қоятош суратлари рўйхатга олиниб, илк ўрта асрларга оид бўлган хумдонлар ўрни очиб ўрганилди. Жумладан, Чангаллисойда қайд этилган хумдонлар илк ўрта асрларга оид икки ярусли юмалоқ шаклда қурилган бўлиб, оловхона деворлари гранит тошларидан ясалганлиги  маълум бўлди.  

Жорий йилда Тим қишлоғи марказида жойлашган Қўрғонтепа археологик ёдгорлигидан маҳаллий аҳоли томонидан топилган сопол ва металл идишлар Қорахонийлар даврига оид (XI-XII асрлар) эканлиги исботланди. Шунингдек, жамоатчи инспектор Илҳом Ботиров билан бирга Нуробод тумани Қўрғонча қишлоғи Гулбулоқсойининг чап томонида жойлашган Дунётош қоятош сурати тадқиқ этилди. Қоятош суратларида одам, тоғ эчкиси, архар, жайрон, от, туя, эчки, суворий отлиқ, тамға, чароғон қуёш сиймоси тасвирлари борлиги аниқланди.  

Воҳада амалга оширилган изчил ва ҳар томонлама тадқиқотлар жараёнида мазкур қоятош расмларидан ташқари қадимий қабристон, қишлоқ уйлари харобалари аниқланиб, харитада акс эттирилди. Бундан ташқари мамлакатимизда кейинги йиллар давомида моддий маданий меросни асраб-авайлашга доир ишларни самарали ташкил этиш, улар билан боғлиқ мавжуд муаммоли масалаларни ҳал этиш борасида Тим қишлоғида жойлашган Араб ота мақбараси ҳам соҳа мутасаддилари эътиборидан четда қолмади.  

Мақбара реставрация, қурилиш ва таъмирлаш ишларига муҳтож экани сабабли Маданий мерос агентлиги ва Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармаси томонидан Араб ота мақбараси 2023 – 2024 йилда реставрация ва қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга ошириладиган маданий мерос объектларининг манзилли рўйхатига киритилди. Мақбарани таъмирлаш ва тиклаш ишларига бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан 500 миллион сўм ажратиш белгиланди.  

Айни пайтда мазкур маблағлар ажратилган бўлиб, амалга ошириладиган ишларни молиялаштириш, смета ҳужжатларини тайёрлаш жараёни кетмоқда. Шунингдек, ушбу ҳудуддаги археология ёдгорликларини 3D панжара билан ўраш чоралари кўрилмоқда.  

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА