Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон, Жиззах, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари бўйича Бошқармалари ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини жалб этган ҳолда ноқонуний ер сотиш билан боғлиқ бир нечта ҳолатларга чек қўйилди.
Хусусан, Андижон шаҳридаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг раҳбари ўзганинг ишончига кириб, унга 6 гектар майдонда 240 та дўкондан иборат бўлган савдо комплексининг қурилиш ишлари ўзи раҳбарлик қилаётган МЧЖ томонидан амалга оширилаётганлигини айтиб, 10 та савдо дўконини сотишини ҳамда мансабдор танишлари орқали дўконларнинг кадастр ҳужжатларини ва шаҳар ҳокимининг тегишли қарорини чиқартириб беришини билдиради.
У бунинг эвазига 117 минг АҚШ доллари сўраб, олдиндан 60 минг доллар олган вақтида ушланди.
Жиззах вилоятида кузатилган ҳолатда эса Зомин туманида яшовчи, 1987 й.т. фуқаро ер майдонларини сотишга ваколати бўлмасада, ўзганинг номида бўлган фермер хўжалигининг 50 гектар лалми ер майдонини вилоят ҳокимлиги ва кадастр тизимидаги танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига харидордан 250 млн. сўм олган вақтида ушланди.
Шунингдек, Самарқанд вилоятида ҳам бу борада тезкор тадбир ўтказилди. Унда Самарқанд шаҳридаги адвокатлик бюроси адвокати ўзига ижара ҳуқуқи асосида берилган Жомбой туманидаги 4 гектар ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига ундан 23 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 15 минг доллар олган вақтида ушланди.
Хоразм вилоятида қайд этилган ҳолатда Ҳазорасп туманида яшовчи 1959 й.т. фуқаро алдов йўли билан ўзганинг ишончига кириб, аслида туман ҳокимлиги захирасида бўлган 6 сотих ерни гўёки ўзиники эканлигини айтиб, ушбу ер участкасини унга 10.500 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
<iframe width="1131" height="636" src="https://www.youtube.com/embed/QGJh4WyhgLk" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
ЎзА