Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Республикамиздаги мактаблар фаолияти қониқарлими: халқ таълими вазири соҳага алоҳида ёндашмоқда
14:05 / 2022-02-21

ЎзА КУЗАТУВИ: Ўзбекистон амалдорлари ўтган ҳафта нима билан шуғулланди?

"ЎзА кузатуви" лойиҳаси доирасида гувоҳ бўлиб боряпмизки, республикамиздаги вазирлар ва масъуллари ўз соҳаси ривожида жадал ишларни амалга оширмоқда. Шу ўринда халқ таълими вазири Бахтиёр Саидовнинг ўтган ҳафтада халқаро учрашувлар билан банд бўлганини кузатдик.

Хусусан, жорий йилнинг 14 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Туркия Маориф жамғармаси раҳбари Бирол Aкгун билан учрашди. Туркиянинг таълим тажрибасини қўллаган ҳолда ўзбекистонлик ўқитувчиларнинг малакасини ошириш юзасидан аниқ таклифлар илгари сурилди. 

Шу куни Бахтиёр Саидов БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде билан юртимизда халқ таълими тизимида халқаро тажриба жорий қилинишида UNICEF билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ва истиқболли дастурларни кўриб чиқди. 

17 февраль куни Халқ таълими вазири пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 228-сонли умумтаълим мактабида бўлди. Вазирнинг таълим муассасасига боргани мактабда уюштирилаётган "Депутат ва ёшлар" учрашувига тўғри келди. Вазир мактабда яратилган шарт-шароитлар, педагоглар ва ўқувчиларнинг эришган ютуқлари, уларни ўйлантираётган муаммолар билан қизиқди. Сўнгра мактабнинг юқори синф ўқувчилари билан очиқ мулоқот қилди.

19 февраль куни эса вазир Сирдарё вилоятига борди ва вилоят ҳокими билан биргаликда Сайхунобод туманидаги "Сирдарё-Политех" пахта тўқимачилик кластерида бўлиб, ип ва калава ишлаб чиқариш фабрикасининг очилиш маросимида иштирок этди. Мазкур жараёнда Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан мактабларни моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди. 

Сўнгра Гулистон шаҳридаги 8 мактабда дзюдо спорт тури билан шуғулланиш учун ихтисослаштирилган замонавий спорт залининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда маҳаллий ҳокимлик, вазирлик ҳамда Дзюдо федерацияси масъуллари иштирок этди.

Шунингдек, вазирлик мутасаддилари кўзи ожиз болалар мактаб-интернатида бўлиб, янги бинода яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. 

Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан мактабларни ривожлантириш борасида амалга оширилган ижобий ишлари учун вилоят ҳокимига "Халқ таълими ҳомийси" кўкрак нишони топширилди.

Шундан сўнг Бахтиёр Саидов Сирдарё тумани, Бахт шаҳрида жойлашган Республика ўғил болалар ҳамда Тошкент вилояти Чиноз туманида жойлашган алоҳида шароитларда тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож бўлган ёшларга мўлжалланган ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчилари билан учрашди. 

Файзулло Яҳёев, ЎзА