Ўзбекистонда чанг бўронларига сабаб бўлувчи ташқи ва ички омиллар мавжуд. Ташқи омил бу Қозоғистон, Туркманистон ва Афғонистон ҳудудларида глобал иқлим ўзгариши таъсирида ёмғир миқдори кескин камайгани, сув ҳавзалари қуриши фонида суғориладиган ерларнинг деградацияга учраши сабабли чўлланиш авж олиб, кучли бўронлар содир бўлмоқда ва қум-чанг кўтарилиб, Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётганидир.
Ўзбекистонинг Ғарбий (Бухоро) ва Жанубий (Қашқадарё ва Сурхондарё) вилоятларига эса Туркманистон ва Шимолий Афғонистоннинг (Афғон шамоли) чўл ҳудудларида кўтарилган қум ва чанглар бўронлар орқали кириб келмоқда.
Ички омиллар эса мамлакатда чўлланиш ва яйловлар деградациясининг авж олиши, қурилиш майдонлари сонининг ортиши натижасида шамол фонида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилиши, атмосферага саноат корхоналари ва автомашиналар томонидан зарарли тутунларнинг чиқарилиши ҳисобланади.
Бу ҳақда АОКАда Гидрометеорология хизмати агентлиги раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди. Унда об-ҳаво ўзгариши, ифлосланиши ҳамда аҳоли ва ҳудудларни табиий гидрометеорологик хавфли ҳодисалардан огоҳлантириш ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, иқлим мониторинги маълумотларига кўра, республикамизда ўртача йиллик ҳарорат тахминан 1,6 ºС, яъни ўртача 13,2 ºС дан 14,8 ºС гача кўтарилганини кўрсатмоқда. Бу эса исиш тезлиги глобал миқёсда кузатилган ўртача кўрсаткичдан юқорилигини англатади.
2030-2050 йилларда Марказий Осиё минтақасида ҳаво ҳарорати 1,5-3 даражага кўтарилиши прогноз қилинмоқда. Асосан Оролбўйи ҳудудида (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти) ҳаво ҳароратининг энг кўп кўтарилиши кутилмоқда.
Ўз навбатида, об-ҳавонинг бундай кескин ўзгариб бориши ёғинлар камайиши, ерлар деградацияси, чанг бўронлар сонининг ортиши, биологик хилма-хилликнинг қисқариши ҳамда атроф табиий муҳитининг сезиларли даражада ифлосланишига олиб келади.
Ҳозирги кунда агентликнинг Атроф-муҳит сифати мониторинги бошқармаси 26 та шаҳарнинг 74 та стационар кузатув пунктларида ҳаво ифлосланишини кузатади. Улардан 66 та стационар постларда кунига 3 марта ҳаводан намуна олиш амалга оширилади.
М.Комилова, ЎзА