Шу кунларда Президентимизнинг топшириғига мувофиқ, республика миқёсида “Тозалик ва озодалик ойлиги” ўтказилмоқда. Бу ташаббус атроф-муҳитни асраш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш ҳамда чиқиндиларни тартибли йиғиш тизимини мустаҳкамлашни мақсад қилган.
Экологик назорат доирасида республиканинг барча ҳудудларида ўтказилган рейд тадбирлари давомида белгиланган жойлардан ташқарига чиқинди ташлаш билан боғлиқ 328 та ҳолат аниқланган. Ушбу ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган фуқароларга нисбатан жами 224 миллион 360 минг сўм миқдорида жарималар белгиланган.
Назорат ишларини Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги мутахассислари Бош прокуратура, Миллий гвардия ҳамда Ички ишлар органлари вакиллари билан ҳамкорликда олиб бормоқда.
Шу билан биргаликда, ишчи гуруҳ томонидан чиқиндиларни ноқонуний ташлаш ҳолатлари бўйича доимий мониторинг ва профилактик чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ободонлаштириш ишлари доирасида маҳаллалар, кўчалар, ариқлар, таълим муассасалари ва бошқа ижтимоий объектлар чиқиндилардан тозаланмоқда. Фуқаролар ўртасида экологик маданиятни ошириш, чиқиндиларни саралаб ташлаш ва уларни қайта ишлашнинг аҳамиятини тушунтиришга қаратилган ахборот-тарғибот ишлари ҳам фаол олиб борилмоқда.
Экология вазирлиги барча фуқароларни тозалик ойлигида фаол иштирок этишга, атроф-муҳитга нисбатан масъулият билан муносабатда бўлишга чақирмоқда.
Шаҳар тозалиги — бу фақатгина коммунал хизматлар эмас, балки ҳар бир фуқаронинг виждоний бурчи. Белгиланган жойларга чиқинди ташлаш, табиатни асраш ва экологик маданиятни юксалтириш орқали биз нафақат бугуннинг, балки эртанги авлоднинг соғлом ҳаёт муҳитини таъминлаймиз.
Қолаверса, атроф-муҳитни ифлослантириш жавобгарликка сабаб бўлади. Тозаликка риоя қилиш эса барчамизнинг қўлимизда!
М.Эшмирзаева,
ЎзА