Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари якунланди
15:01 / 2025-07-09

Бундан 28 йил муқаддам асос солинган, эндиликда эса миллий адабиётимизнинг Зомин мактаби, деб эътироф этилаётган Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари юртимиз ёшлари иштирок этишни астойдил мақсад қилган бетакрор адабий-маърифий лойиҳага айланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ёш ижодкорларнингмустақил Ватан адабиётига Жиззах диёридан қўяётган қадамлари қутлуғ бўлсин!”, деб билдирган эзгу тилаклари бугунги кунда мазкур семинарнинг мазмун-моҳиятини белгиловчи устувор ғояга айланди.

Семинарнинг тантанали ёпилишига бағишланган тадбир ёшлар учун  чинакам байрамга айланди. Мазкур семинар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Халқ банки, Касаба уюшмалари федерацияси, Навоий кон-металлургия комбинати, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилди. 

[gallery-24227]

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосарлари Сардор Шукруллаев, Гулнора Нормуродова ва бошқалар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Зомин семинари дунё ижодкор  ёшлари ҳавасига арзигулик маърифий лойиҳага айланганини эътироф этди.

– Орадан ўн, йигирма, ўттиз йиллар ўтар, лекин Зомин семинари ёшларимизнинг қалбида бир умрга қолади, – деди Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Жиззах вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан эндиликда ушбу семинарнинг ёш иштирокчилари учун алоҳида танлов ўтказиш ва унинг ғолибларини Мустақиллик байрами арафасида эълон қилиш кўзда тутилмоқда. 

Юртимиз адабий ҳаётида, адабий жараён ва жамоатчилик орасида, айниқса ёш ижодкорлар учун нуфузи ва мақомига кўра, том маънода адабиёт байрамига айланган Зомин семинари ёшларга имконият яратиш йўлида ўйланган хайрли ташаббус сабабли анъанавий тус олди ва унинг акс-садоси бутун мамлакатимиз бўйлаб ёйилиб кетди. Мазкур семинар ўз мақоми, мазмуни ва моҳиятига кўра жаҳоннинг ҳеч бир давлатида учрамаслиги унинг ўзига хос жиҳатини белгилайди.

Ўтган йиллар давомида ушбу семинарда қатнашиб, устозлардан оқ фотиҳа олган Бобур Элмурод, Жавлон Жовлиев, Дадахон Муҳаммадиев, Алишер Боймурод, Анвар Ботир ўғли, Шахриёр Шавкат, Нозима Ҳабибуллаева, Шоҳсанам Нишонова, Сухроб Зиё, Кумуш Абдусаломова, Нурмуҳаммад Азиз, Жамолиддин Бадалов ва бошқа ижодкорлар адабиёт майдонида ўз мухлисларини топишлари билан бирга, жамият ривожига ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Бу йилги Зомин семинари доирасида кўплаб учрашувлар, анжуманлар, мушоиралар, адабиётнинг бир қатор йўналишлари бўйича маҳорат дасрлари, китоблар тақдимоти ўтказилди. “Раҳбар ва ёшлар”, “Адабиёт ва маънавият уйғунлиги” мавзусидаги маърифий анжуман бўлиб ўтди. 

Таниқли фотограф Аҳмад Тўра ижодига оид "Зомин илҳомлари" кўргазмаси кўпчиликда катта таассурот қолдирди. “Менинг биринчи китобим” лойиҳаси доирасида чоп этилган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Зоминнинг энг гўзал шаршаралари, пурвиқор тоғларига ташкил этилган саёҳатлар Ўзбекистонимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга чорлагани билан аҳамиятли бўлди.

–Зомин семинари ижодкор ёшлар учун катта мотивация бўлгани аниқ, – деди Ёзувчилар уюшмасининг Хоразм вилояти раҳбари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Гавҳар Ибодуллаева. –  Болалар бир-бирлари билан дўстлашдилар. Ёзганларини устозлар назаридан ўтказдилар. Семинар ижодкорларга руҳий мадад, қўллов бергани аниқ.

–Бу йил Огаҳий номидаги ижод мактабини тамомлаяпман, – деди ёш ижодкор Жаҳонгир Бахтиёров. – Семинарда назм йўналишида қатнашдим. Баъзи фикрларимнинг тўғри эканига ишонч ҳосил қилдим. Кўплаб хатоларимнинг илдизини тушуниб етдим. Шоир нима, шеър нима? Ана шу саволларга батафсил жавоб олиш имкони яратилди. 

Семинар якунида барча иштирокчилар қимматбаҳо совғалар, диплом ва сертификатлар билан тақдирланди. 

Тадбир якунланди. Лекин ижод ва изланиш давом этаверади. Яна янги, бадиий баркамол асарлар яратилади.

Назокат Усмонова, 

Жамшид Ёрбеков (сурат),

ЎзА