Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши фаолларининг мамлакатимиз хотин-қизларига мурожаати
11:51 / 2021-10-22

Қадрли онахонлар, азиз опа-сингиллар!

Тарихдан яхши биламизки, дунё аёллари овоз бериш ҳуқуқи учун курашган даврлар бўлган.

Сайлаш ҳуқуқи инсоний ҳуқуқлар таркибидаги олий ҳақ-ҳуқуқлардан биридир.

Жонажон Ўзбекистонимиз келажаги, фарзандларимиз эртаси ҳамда истиқболини белгилаб берувчи муҳим сиёсий жараён — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни тобора яқинлашиб келмоқда.

Президент сайлови мамлакатимиз тақдири, халқимизнинг турмуш фаровонлиги ҳамда эртанги тотув ҳаётни таъминлашда муҳим аҳамият касб этадиган сиёсий жараён эканини яхши англаб турибмиз. Шу боис яқинлашиб келаётган сайлов кунида фаол иштирок этиш — республикамиздаги сайлаш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир юртдошимизнинг фуқаролик бурчидир.

Муҳтарама онахонлар!

Сиз ўз оилангизда оналик мақомига эга шахс, турмуш ўртоғига маслаҳатгўй бека, меҳрибон буви бўлиш билан бирга, жамиятдаги муҳим ижтимоий-сиёсий жараёнларни оила аъзоларига, маҳалладошларига холис етказиб бера оладиган фаол мотиваторсиз.

Сиз ҳаёт саодатлари қаторида турмуш қийинчиликлари ва мураккабликларини кўрган инсон сифатида, бугунги фаровон ҳаётимиз ва юртимиз равнақини таъминлашда сайловдаги иштирокимизнинг аҳамияти катта эканини оғишмасдан тушунтира оласиз.

Сизларни оила аъзоларингиз, яқинларингиз, қўни-қўшни ва маҳалладошларингиз билан биргаликда муносиб номзодга овоз бериш учун сайловда фаол иштирок этишга чорлаймиз.

Мунис опа-сингиллар!

Ўзбекистон аёлларининг интеллектуал салоҳияти, маърифати, сиёсий етуклиги сайлов жараёнидаги иштирокингизда, сиёсий иродангизда, фаоллигингизда яна бир бор намоён бўлади.

Юртимиз тараққиётига бефарқ бўлмаган ҳолда, шу Ватан равнақи, фарзандларимиз камоли, уларнинг фаровон ҳаёти учун сайловда фаоллик кўрсатайлик!

Қадрли онахонлар, азиз опа-сингиллар!

Унутманг, сизнинг овозингиз ва танловингиз муҳим ва аҳамиятлидир!

Азизлар, Президент сайловида фаол иштирок этиб, ўз танловимиз учун овоз берайлик!