Маълумки, жорий йилнинг 10-13 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида Республика тармоқлараро саноат ярмаркаси бўлиб ўтди.
Ярмаркада “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ҳам ўз стенди остида 50 дан зиёд турдаги ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлари ҳамда импорт ҳажмларини қисқартириш мақсадида 200 дан зиёд товарларни ўзлаштириш учун намойиш этди.

Тадбирда 2024 йилда саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш йўналишида амалга оширилган ишлар ва 2025 йилда импорт ҳажмларини қисқартириш бўйича янги чора-тадбирлар юзасидан иштирокчилар учун тақдимот ўзказилди.

Тақдимотда 2025 йилга белгиланган маҳаллийлаштириш доирасида 1,3 трлн сўмлик 126 та лойиҳаларини амалга ошириш, йирик саноат корхоналари билан импорт асбоб-ускуна ва тоғ-кон техникалари ишлаб чиқарилишини таъминлаш орқали 96 млн доллар валюта маблағлари тежалиши бўйича маълумотлар берилди. Шунингдек, “Саноат учбурчаги” дастурида 25 та корхона “шатак”га олиниб 210 та янги иш ўринини яратилиши ва 27 млн долларлик импорт ўрнини босувчи янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши тўғрисидаги маълумотлар ҳам улашилди.

Ярмаркада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан импорт маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича таклифлар ўзаро алмашилди ва қўшимча равишда барча иштирокчиларга 2 000 дан зиёд импорт товарлар каталоги тарқатилди.

Комбинатнинг ишлаб чиқариш фаолиятига зарур бўлган маҳсулотларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиш мақсадида кунлик шартномалар имзоланди. Ярмарка якунида жами 176,6 млрд сўмлик шартномалар имзоланди. Хусусан, кимёвий регант ва хомашёлар бўйича 115 млрд сўмлик, эҳтиёт қисмлар ва ярим тайёр маҳсулотлар бўйича 44 млрд сўмлик ҳамда бутловчи қисмлар бўйича 18 млрд сўмлик шартномалардир.

Йил давомида барча Республика ҳудудларида бўлиб ўтган саноат ярмаркалари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлашга, янги иш ўринларини яратишга, импорт ҳажмларини қисқартиришга ва саноатни салоҳиятини янада оширишга имконият яратиб, миллий иқтисодиётни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Аббос Абдуллаев,
ОКМК Марказий аппарати маҳаллийлаштириш бўлими бошлиғи