English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Республика сардорлар фаолияти сарҳисоб қилинди
18:54 / 2019-11-07

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши томонидан пойтахтимизда “5 ташаббус – 5 имкон” шиори остида ташкил этилган Республика сардорлар форуми давом этмоқда.


Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши томонидан пойтахтимизда “5 ташаббус – 5 имкон” шиори остида ташкил этилган Республика сардорлар форуми давом этмоқда.

Унда “Камалак” болалар ташкилоти раислари, Республика “Иттифоқ” ва “Камалак” сардорлари, ҳудудлардаги “Иттифоқ” ва “Камалак” сардорлари иштирок этмоқда.

Форумда дастлаб Республика сардорлар фаолияти сарҳисоб қилинди. Тизимдаги ютуқлар билан бирга муаммо ва камчиликлар, келгусидаги режалар хусусида фикр-мулоҳазалар юритилди.

Сайлов доирасида сардорлар ва ҳудудий “Камалак” болалар ташкилоти раислари учун семинар-тренинг ташкил этилди.

– Семинар-тренингларда раҳбар ўзи ким, у фаолиятини самарали ташкил этиши, мулоқот жараёнида нималарга эътибор қаратиши керак, каби саволларга жавоб изладик, – деди Фарғона вилояти “Камалак” болалар ташкилоти раиси Рисолатхон Мамажонова. – Фарғона вилоятида 7-14 ёшдаги 453 минг йигит-қиз бор. Барча йўналишларда уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, орзу-истакларини рўёбга чиқаришга астойдил ҳаракат қилаяпмиз. Биз Республика сардорлар сайловига бир нечта янги лойиҳалар билан келдик. Гап шундаки, бугунги кунда сардорлар учун ҳеч қандай имтиёз мавжуд эмас. Сардорларга имтиёзли ва уларнинг иш фаолиятини кўрсатувчи “IT-sardor” картасини ишга туширишни режалаштираяпмиз. Бу картада сардор ҳақида электрон маълумот, 5 та муҳим ташаббус бўйича қилинган ишлар юзасидан аниқ рақамлар ва фактлар келтирилган бўлади. Агар бу таклиф маъқулланса, лойиҳани Фарғона тажрибаси сифатида синовдан ўтказамиз.

Маълумки, “Камалак” болалар ташкилоти 2003 йил 21 май куни ташкил топган. Ташкилот фаолиятининг асосий мақсади болаларни миллий ғоя асосида Ватанга содиқ, комил фарзандлар этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ифода этиш, ҳимоя қилиш, истеъдоди ва қобилиятини рўёбга чиқариши ҳамда ривожлантириши учун шароит яратиб беришдан иборат.

Унинг энг қуйи бўғини – таълим муассасаларидаги “Камалак” болалар ташкилотининг Сардорлар кенгаши бўлиб, у болаларни ўз атрофида бирлаштиради. Сардорлар кенгаши умумий ўрта таълим муассасаларида Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти қошида фаолият юритади.

Форумда “Камалак” болалар ташкилотининг Навоий вилояти Сардорлар кенгаши раиси, “Иттифоқ” сардори, “Мард ўғлон” Давлат мукофоти совриндори Иброҳимжон Ғаффоров ҳам иштирок этмоқда. 

– Куни кеча форумнинг очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева иштирок этиб, Ёшлар иттифоқи тизимида болалар парламентини қайта тиклашни таклиф этди, – деди И.Ғаффоров – 2016-2017 йилларда болалар парламенти фаолияти амалга оширилган эди. Ўшанда биз парламентнинг юқори ва қуйи тизими фаолияти билан яқиндан танишган эдик. Болалар парламенти қайта тикланса тенгдошларимнинг сиёсий саводхонлиги ошишига хизмат қилади. Тенгдошларимнинг сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиши бизни қувонтиради, албатта. Мен Республика “Иттифоқ” сардори бўлишга астойдил ҳаракат қилаяпман. Ўшанда юртимиздаги ҳар бир ёшнинг қобилиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашаман. “Ватаним менга нима берди, деб эмас, балки мен Ватанимга нима бера олдим?” шиори билан яшайман. Тенгдошларимни ҳам шунга ундамоқчиман. Республика “Иттифоқ” сардорлар сайловида энг кўп овоз олсам, “Мен иқтидорлиман” ва бошқа лойиҳаларимни татбиқ этмоқчиман. 

– Икки йилдан буён сардор сифатида фаолият олиб бораяпман, – деди Тошкент шаҳар “Камалак” болалар ташкилотининг бош сардори Рухсора Шокирова. – Бу вақт ичида “Мен талаба бўламан”, “Сардорлар ҳафталиги”, “Камалак”да меҳмон” ва бошқа лойиҳаларни амалга оширдик. Бу лойиҳалар қамрови тор бўлиши мумкин, лекин биз пойтахтимиздаги ҳар бир тенгдошимиз билан алоҳида-алоҳида ишлашга ҳаракат қилаяпмиз. Форум доирасида ёш лидерлар маҳорати, танқидий тафаккурни ривожлантириш, лойиҳаларни тузиш ва бошқариш каби мавзулардаги семинар-тренингларда иштирок этдик. Малакали мутахассислар ўз билимларини биз билан ўртоқлашди.

8 ноябрь куни сайлов доирасида сардорлар ва ҳудудий “Камалак” болалар ташкилоти раислари Тошкент шаҳридаги Президент мактабига ташриф буюриши режалаштирилган.

Республика “Камалак” болалар ташкилоти сардорлари ва Республика “Иттифоқ” сардорлари сайловлари бўлиб ўтади.