Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Республика педиатрия маркази ISO халқаро сертификатларига эга бўлди
15:36 / 2024-10-04

Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада ошириш, беморлар хавфсизлигини таъминлаш, тиббий туризмни ривожлантириш учун тиббиёт муассасалари фаолиятига халқаро стандартларни жорий этиш зарур. Давлатимиз раҳбарининг талаби ҳам шундай!

Айни сабабдан сўнгги йилларда республикамиздаги қатор ихтисослаштирилган марказлар ва тиббиёт олий таълим муассасалари босқичма-босқич ўз фаолиятини халқаро стандартларга уйғунлаштирди.

Улар сафига Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳам қўшилди. Бугун ушбу муассасага CERT International ташкилоти томонидан ISO 9001:2015 ва ISO 7101:2023 халқаро сифат стандартларини жорий этганлиги муносабати билан махсус сертификатлар топширилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Дарҳақиқат, бундай эътирофга эришиш учун марказда салмоқли ишлар бажарилди. Хусусан, бу ерга энг сўнгги русумдаги тиббий ускуналар, шу жумладан, ноёб ирсий касалликларни скрининг қилиш учун АҚШдан Perkin Elmer масс-спектрометр аппарати келтирилган.

Қолаверса, марказда эшитиш қобилиятидаги нуқсонларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш мақсадида жажжи беморларда кохлеар имплантация, юз нервининг пластик микрохирургик операцияси, янги туғилган гўдакларда аудио-скрининг, рақамли эшитиш мосламалари ёрдамида реабилитация тадбирлари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, муассасада ҳар йили 5000 дан зиёд жарроҳлик амалиётлари бажарилиб, уларнинг 80 фоиздан ортиғини юқори технологик операциялар ташкил этади.

Ушбу ютуқ марказда кўрсатилаётган тиббий хизматлар халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беришидан далолат бериб, муассасанинг минтақадаги позициясини мустаҳкамлаш, илмий фаолиятни такомиллаштириш ҳамда янги диагностика ва даволаш усулларини ишлаб чиқиш учун кенг имкониятлар эшигини очади.

ЎзА