Ҳурматли юртдошлар! Муҳтарам отахон ва онахонлар! Қадрли ёшлар!
Маълумки, юртимизда оила азал-азалдан муқаддас қўрғон сифатида эъзозланган. Зеро, инсон қалбида меҳр-оқибат, садоқат туйғулари, илм-маърифатга ошнолик кўникмаси шу азиз даргоҳда шаклланади.
Оила ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни асраб-авайлайдиган, шу билан бирга, келажак наслларга одамийликдан сабоқ берадиган тарбия ўчоғидир.
Бугунги кунда мамлакатимизда 34 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади ва улар 9 миллиондан ортиқ оилаларни ташкил этади.
Бош Қомусимизда оила жамиятнинг асосий бўғини, деб белгилангани замирида ҳам ана шу улуғвор мақсадлар ётади. Зеро, оила тинч, мустаҳкам бўлса, жамият осойишта ва фаровон бўлади. Шу боис оилани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, барқарорлигини таъминлаш ҳар бир мамлакатнинг доимий эътиборида бўладиган устувор йўналишлардан бири саналади.
Бинобарин, давлат, жамият оилалардан ташкил топган экан, уларнинг барқарорлиги, тинч-тотувлиги мамлакатнинг ривожи ва истиқболини белгиловчи асосий омил ҳисобланади. Ҳозирда Ўзбекистонда оилалар барқарорлигини таъминлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, ажримлар сонини камайтириш, оилани сақлаб қолиш имконини берадиган кўплаб ташкилий-ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий чоралар белгиланган ва ҳуқуқий асослар яратилган.
Жамиятимизда оила билан боғлиқ ўзига хосликни минг йиллар давомида ҳаёт синовларидан ўтиб келаётган никоҳнинг муқаддаслиги, ота-онанинг фарзандлар, фарзандларнинг ота-она олдидаги бурчи, ўзаро иззат-ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, ибо-ҳаё, оила шаъни ва номусини асраш каби ҳамма бирдек итоат этадиган ҳаётий қонунлар амал қилиб келмоқда.
Шунга қарамасдан, эр-хотин ўртасидаги ажрашишлар сони, таассуфки, йилдан-йилга ортиб бормоқда. Албатта, ҳар биримиз оилавий ажримларга сабаб бўлаётган кўплаб ҳолатларни яхши биламиз, гувоҳи бўлганмиз. Ёшларнинг мустақил ҳаётга тайёр бўлмасдан оила қуриши, муносабатларга ташқаридан бошқа шахсларнинг аралашуви, ишсизлик, моддий етишмовчилик, эр ёки хотиннинг ишлаш учун хорижий давлатларга чиқиб кетиши, уй-жой масаласи, маънавий-ахлоқий муҳитнинг ёмонлиги ва бошқа сабаблар оилаларнинг бузилишига олиб келмоқда.
Халқимизга мутлақо ярашмайдиган бундай ҳолатларга барҳам беришни бугун ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. Бинобарин, ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб келаётган азалий урф-одатлар, ўлмас қадрият ва анъаналар, оиланинг ҳар бир аъзоси бажариши лозим бўлган муқаддас бурч, айниқса, катта ҳаёт остонасида турган ёшларимизга ибратли тушунтириш ишларини кенг миқёсда олиб бориш ҳар қачонгидан ҳам зарур, деб ҳисоблаймиз. Ўйлаймизки, бу саъй-ҳаракатларимиз оилаларни, бутун жамиятимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу муносабат билан юртимиз аҳолисига, кенг жамоатчиликка, хусусан, бой ҳаётий тажрибага эга нуроний отахон ва онахонларимиз, ҳурматли зиёлиларимиз, муқаддас никоҳ асосида эр-хотинлик риштасини боғлаган азиз фарзандларимизга мурожаат қиламиз: ҳар биримиз юртимизда оилаларнинг мустаҳкам бўлиши, уларнинг тотув ва фаровон турмуш кечириши, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ахлоқий ва маънавий қадриятларни шакллантириш, соғлом бола туғилиши ва уни тарбиялаш, оиланинг ижтимоий-психологик муаммоларини бартараф этиш ҳамда эрта никоҳ ва ажримларнинг олдини олишда фаол иштирок этайлик. Бу борада тарғибот ва тушунтириш ишлари самарадорлиги ва таъсирчанлигини янада кучайтирайлик.
Муҳтарам отахон ва онахонлар!
Азиз нуронийлар!
Сизлар хонадонларимизда, маҳаллаларимиз, бутун юртимизда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини яратишда доимо фаол бўлиб келгансиз.Шундай экан ижтимоий ҳаётимиздаги обрў-эътиборингиздан фойдаланиб, ёш оилаларга «никоҳ» деб аталмиш муқаддас, илоҳий ришта ва «оила» деб аталмиш қўрғоннинг юксак масъулиятини ҳис этишига, фарзанд тарбияси, унинг камол топиши йўлида ота-онанинг тарбия бобида шахсий намуна бўлиши лозимлигини ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб беришда фаоллик кўрсатишингизни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Айниқса, ота-оналарга ёшларнинг оилавий, шахсий ишларига ҳаддан зиёд аралашувининг салбий оқибатларини тушунтирайлик.
Халқимизда «бир кун кўнгилсизлик бўлган хонадондан қирқ кун хайру барака арийди» деган пурмаъно ҳикмат бор.
Шундай экан ҳар бир маҳаллада кўпни кўрган, кайвони отахон ва онахонлар бош бўлиб, нотинч оилалар ўртасида фаол тушунтириш, тарғибот ишларини олиб борайлик, уларга ўзаро муносабат, бир-бирларини тушуниш ва қўллаб-қувватлаш, зарур ўринда бир-бирига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш зарурлигини ҳаётий мисолларда тушунтирайлик, яқиндан ёрдам қўлини чўзайлик.
Ёшлар келин-куёвлик ҳақ-ҳуқуқлари, бурч ва масъулиятларини яхши билмасликлари, оилавий маданиятни тушунмасликлари, умуман олганда, ёшларнинг оила муносабатларига тайёр эмасликлари оила бузилишига асосий сабаблардан бири ҳисобланади. Фарзандларимизнинг фақат моддий жиҳатларига эмас, балки маънавий дунёсига кўпроқ эътибор қаратайлик.
Оилавий низолар ва ажрашишларга сабаб бўлаётган турли келишмовчиликлар, эр-хотиннинг бир-бирини тушунмаслиги ёки бошқа ижтимоий-иқтисодий омилларни бартараф этишда ҳудудларда ташкил этилган Нуронийлар жамоатчилик кенгаши аъзоларининг бой ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланайлик. Шунингдек, ёш оилаларнинг бузилишига жиддий сабаблардан яна бири — ота-оналарнинг ноўрин аралашуви эканлигига ҳам бефарқ бўлмайлик.
Бундай тадбирларни ўтказишда ҳаддидан ошган кимсаларни — уларнинг мавқеи ва лавозимидан қатъи назар — маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф этиб, обрў-эътиборли кишилар, имом-хатиблар, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиб, маслаҳат бериб, тўғри йўлга солайлик.
Бир сўз билан айтганда, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни ўз оиласига, Ватанига муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда фаол иштирок этайлик.
Зеро, ҳаётимизда осойишталик ҳукмрон экан, оилаларимизда, юртимизда тинчлик, хотиржамлик ва фаровонлик барқарор бўлади.
Қадрли ёш оилалар соҳиблари – ўғил-қизларимиз!
Азиз укалар ва сингиллар!
Халқимиз азалдан оилани муқаддас билиб, бу қўрғонга завол етмаслиги учун барча чораларни ишга солган. Зеро, оила тотувлиги ва бардавомлигини сақлаш, оилани чинакам бахт қасрига айлантириш, маҳалла-кўйда, жамиятда обрў-эътиборга сазовор бўлиш, фарзандларни халққа, Ватанга муносиб авлод қилиб вояга етказиш ҳар биримизнинг улуғ мақсадимиз, орзу-ниятимиз.
Афсуски, бу борада билим, тажриба ва тарбиянинг етарли бўлмагани туфайли кўпинча ёшлар ўртасида ажрашиш ҳолатлари учраб туради. Арзимаган баҳонани сабаб қилиб оилалар бузилмоқда, бегуноҳ, беғубор фарзандлар тирик етим бўлиб қолмоқда, ота ёки она меҳридан мосуво бўлмоқда. Оқибатда бундай руҳий изтироблар боланинг соғлом вояга етишига салбий таъсир қилади. Қалби бутун умрга кемтик бўлиб қолади.
Судга ажрим учун ариза топшираётган эр-хотин танлаган қарори ҳам ўзига, ҳам жамиятга, айниқса, дилбандлари тақдирига салбий таъсир қилишини англашлари шарт.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Мусулмоннинг уйи жаннат боғидан бир боғчадир», деганлар. Хонадонини жаннат боғчасига айлантириш ҳар бир муслим ва муслиманинг бурчидир.
Эркак ўз ҳамияти, азму шижоати, аёл эса оқилалиги, сабру қаноати, фозилалик сифатлари билан бир-бирларини сийласалар, айбу-нуқсонларини либос бўлиб ёпсалар, Яратган ҳам улардан рози бўлади.
Аёл оқила, жонкуяр, ҳар нарсада эр қадрини юксак қўядиган бўлса, ўз навбатида, эр босиқ, жиддий, меҳрибон, фарзандлари, аҳли аёлига жонкуяр бўлиши лозим. Эр-хотин ўртасида меҳр-оқибат, муҳаббат ришталари ўта мустаҳкам бўлиши оила тотувлиги ва фаровонлиги гаровидир.
Азиз ватандошлар!Дарҳақиқат, оила жамиятнинг асосини ташкил этади. Шундай экан, ҳар бир оиланинг фаровонлиги ва бахтиёрлиги бевосита жамиятнинг барқарорлиги ҳамда гуллаб-яшнашини белгилайди. Унда соғлом фарзанд дунёга келиши, келажакда унинг маънан баркамол, соғлом ва эл-юрт корига ярайдиган инсон бўлиб вояга етиши оиладаги муҳитга бевосита боғлиқ эканлигини асло унутмайлик.
Маҳаллалар миқёсида оилаларнинг жипслашуви, барқарорлигини таъминлашга қаратилган «Намунали оила», «Аҳил оила», «Китобсевар оила», «Бахтли оила», «Намунали ёш оила», «Аждод ва авлодларнинг узвийлигини сақлаган оилалар» каби номинациялар асосида турли танловларни ташкил этиш ва шу йўл билан бутун маҳалладаги оилаларни қамраб олиш ва уларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш бу борадаги ишларимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Биз юртимиз жамоатчилигини шу йўлда ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлишга, ушбу долзарб масала муҳокамасида таклиф ва тавсиялар билан фаол иштирок этишга чақирамиз.