Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Республика махсус комиссияси томонидан бир қатор талаблар бекор қилинди
09:00 / 2022-03-16

2022 йилнинг 16 мартидан бошлаб, Ўзбекистонда бир қатор чекловлар бекор қилинмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов раҳбарлигида Республика махсус комиссиясининг Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган қўшимча чора-тадбирларга бағишлаб ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

Йиғилишда коронавирус инфекциясининг Ўзбекистонда тарқалиш даражаси бугунги кунда 0,4 кўрсаткични ташкил этаётгани, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари хулосасига кўра, бу кўрсаткич 1,0 гача бўлса, вазият барқарорлигини англатиши яна бир бор қайд этилди.

Маълумки, хорижий аксарият мамлакатлар коронавирус инфекциясини эндемик касаллик сифатида тан олиб, асосий чекловларни, ҳатто ниқоб тақиш тартиби ва COVID-19 паспортларини бекор қилиш ниятида экани маълум бўлмоқда. Жумладан, Саудия Арибистон, Ирландия, Венгрия, Руминия Мексика, ва бошқа давлатлар томонидан ПЦР тестлар ва сертификатлар талаб этилмаётган бўлса, Италия, Германия, Бирлашган Араб Амирлиги ва бошқа бир қатор давлатларда чекловлар кескин камайтирилмоқда.

Шу боисдан Ўзбекистонда ҳам бир қатор талаблар бекор қилинади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикаси билан чегарасида жойлашган ўтказиш пунктлари фаолияти қайта тикланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасига кириб келувчилар республикага ташриф буюришидан камида 48 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЦР тест натижаси бўйича манфий натижали маълумотга эга бўлиши талаби ҳам бекор қилинмоқда.

Эндиликда хорижий давлатлардан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчиларга тегишли тартибда эмланганлик сертификати ёки паспортига эга бўлган тақдирда, улардан ПЦР тест натижаси ҳамда коронавирус инфекциясига экспресс-антиген тест топшириши талаби қўйилмайди.

Бунинг ўрнига, ташриф буюрувчилар тегишли тартибда эмланганлик сертификати ёки паспортига эга бўлмаган тақдирда республикага ташриф буюришидан камида 72 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЦР тест натижаси, ёки чегара утиш пунктларида экспресс-антиген тест топшириши бўйича манфий натижали маълумотномага (электрон QR code) эга бўлиши шарт қилиб белгиланди.

Йиғилишда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида халқаро йўловчи поездлар қатновларини ҳамда автобус йўналишларида парритет асосида йўловчи ташиш фаолиятини карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда қайта тикланиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасига кириш учун хорижий фуқароларга электрон визани расмийлаштириш ва бериш тизими (E-VISA) фаолияти қайта тикланиб, тез кунда ишга туширилади ҳамда хорижий давлатлардан келаётган сайёҳларга тезкор ва сифатли маълумот алмашинуви бўйича хизматларни кўрсатиш бўйича Call-маркази фаолияти йўлга қўйиладиган бўлди.

ЎзА