French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2025 йилдаги фаолияти қандай кечди?
12:41 / 2026-01-28

Мазкур ташкилот ахборот хизмати раҳбари Баҳора Аҳмедова мавзу юзасидан ташкил этилган брифингда қуйидагиларни маълум қилди:

– Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан 2025 йил давомида мамлакатда маънавий-маърифий сиёсатни янги босқичга олиб чиқиш, жамиятда умуммиллий бирдамлик, янги миллий руҳият ва ватанпарварлик ғояларини мустаҳкамлашга оид кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ҳисобот даврида ташкилий-методик йўналишда бир қатор муҳим ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, марказ фаолиятини мувофиқлаштириш кучайтирилди. Ҳудудлар, вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда йўл хариталари, йиллик календарь режалар ва 230 дан ортиқ тарғибот материаллари тайёрланди. “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари сони 1 880 нафарга етказилди.

Оммавий тадбирлар йўналишида республика ва халқаро миқёсда йирик лойиҳалар амалга оширилди. “Умуммиллий бирдамлик фестивали”, “Маърифат карвони”, “Бир байроқ остида” байроқ эстафетаси, Конституция ва Давлат тили байрамига бағишланган тадбирлар орқали миллионлаб аҳоли қатламлари қамраб олинди. Хориждаги ватандошлар иштирокида АҚШ ва Корея Республикасида ҳам маънавий-маърифий форумлар ўтказилди.

Китобхонликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. “Буюклар ҳақида 100 та далил”, “Миллий қадриятлар атласи”, “Миллат фидойилари” каби китоб ва альбомлар минглаб нусхада чоп этилди. “Турон китоб бекати” лойиҳаси доирасида Тошкент метрополитенида 50 та бекатда китоб жавонлари ўрнатилди. Республика бўйлаб “Китоблараро 80 кун” марафони ўтказилди.

Рақамли тарғибот соҳасида ижтимоий роликлар, анимацион фильмлар, подкастлар, клиплар ва медиа-кампаниялар орқали миллий ғоялар кенг оммалаштирилди. Контентларнинг умумий қамрови юз миллионлаб аудиторияни ташкил этди.

Илмий-таҳлилий фаолият доирасида конференциялар ташкил қилинди, социологик тадқиқотлар ўтказилди, методик қўлланмалар ва илмий нашрлар тайёрланди. Давлат хизматчилари, таълим муассасалари вакиллари ҳамда тарғиботчилар учун малака ошириш курслари ўтказилди.

Лойиҳавий фаолиятда “шахс–жамият–давлат–минтақа” тамойили асосида янги мафкуравий йўналишлар жорий этилди, 17 та мақсадли лойиҳа амалиётга татбиқ этилди.

Ҳарбий ватанпарварлик йўналишида Қуролли Кучлар билан ҳамкорликда маънавий-маърифий дастурлар, китобхонлик акциялари, кино намойишлари ва маданий тадбирлар ташкил этилиб, юз минглаб ёшлар қамраб олинди.

Марказ тизимида ижро интизоми, ёшлар масаласи ва фуқаро мурожаатлари билан ишлаш йўналишларида Президент фармон ва қарорлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Президент Администрацияси топшириқлари ижросини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

2025 йил давомида “Ijro.gov.uz” ахборот тизими орқали Марказга жами 79 та Президент ҳужжатидан келиб тушган 223 та топшириқлар билан ишланди. Ушбу топшириқларнинг 104 тасида Марказ асосий ёки тенг кучли ижрочи, 119 тасида эса ҳамижрочи сифатида иштирок этди. Йил якунида 131 та топшириқ бажарилиб, назоратдан ечилди, 65 таси доимий тусга эга бўлгани сабабли 2026 йил учун ҳам назоратда қолдирилди.

Президентимиз фармонлари ва қарорлари асосида  бугунги кунда 2026 йилга мўлжалланган 90 та топшириқ белгиланган бўлиб, уларнинг 35 тасида Марказ асосий, 55 тасида ҳамижрочи сифатида иштирок этмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари ижроси бўйича 2025 йилда жами 37 та ҳужжатдан 130 та топшириқ келиб тушди. Ушбу топшириқларнинг 119 таси тўлиқ бажарилиб, назоратдан ечилди, 11 таси доимий тусга эга бўлиб, келгуси йилга ўтказилди.

Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари резолюциялари асосида 31 та топшириқ қабул қилиниб, уларнинг 22 таси ижро этилди, қолган қисми 2026 йилда давом эттирилади.

Фуқаро мурожаатлари билан ишлаш йўналишида ҳам аниқ натижалар қайд этилди. 2025 йилда Марказга жами 36 та фуқаро мурожаати келиб тушди. Уларнинг 8 таси ижобий ҳал этилди, 5 таси ваколатли идораларга йўналтирилди, 16 таси бўйича қонунчилик нормалари юзасидан тушунтириш берилди. Шунингдек, 6 та мурожаат такрорий деб топилди, 1 та мурожаат эса қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилмади.

Марказ тизимида ижро интизомини мустаҳкамлаш, мурожаатлар билан очиқ ва шаффоф ишлаш ҳамда белгиланган топшириқларни ўз вақтида бажариш устувор вазифа сифатида белгиланиб, бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Н.Усмонова,  

ЎзА