Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Республика “Келажак” маркази ташкил этилади
17:43 / 2025-09-17

“Мактабдан ташқари таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–277-сон) қабул қилинди.

Қарорга кўра, қуйидагилар ташкил этилади:

— “Баркамол авлод” республика болалар мактаби ҳамда Республика ўқувчи-ёшлар маркази негизида Республика “Келажак” маркази;

— Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) “Баркамол авлод” болалар мактаблари негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, туман (шаҳар) “Келажак” марказлари;

— Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари “Келажак” марказлари ҳузурида болалар сайёҳлик базалари.

“Келажак” марказларининг умумий ўрта таълим ташкилотларида вертикал тизимини жорий этиш мақсадида ўқувчилар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий этилади. 

Мактаб маслаҳатчиси лавозим маоши умумий ўрта таълим ташкилоти директори ўринбосари лавозим маошига тенглаштирилади.

2026 йил 1 сентябрдан менежерлик сертификатига эга мактаб маслаҳатчиларига лавозим маошига тегишлича ҳар ойлик 30 фоиз миқдорида қўшимча устамалар тўланади.

Қарорга кўра, “Келажак” марказларига қуйидагиларга рухсат этилади:

— шартнома асосида малакали мутахассислар ҳамда нодавлат ўқув марказларини жалб этган ҳолда тўгараклар ташкил этиш;

— ота-оналар бадали тўловини ота-оналар билан келишган ҳолда республика бўйича белгиланган минимал миқдорларга нисбатан ошириш.

2026 йил 1 январдан “Келажак” марказларида ўқиганлик учун ота-оналар бадали тўловининг минимал миқдорлари қайта кўриб чиқилади. 

“Келажак” марказлари контингент сони бўйича иккита гуруҳга ажратилади. 

Бунда контингент сони 600 нафаргача бўлган “Келажак” марказлари – II гуруҳга, 601 нафар ва ундан ортиқ бўлганда – I гуруҳга тегишли ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) “Келажак” марказлари фаолияти қуйидагича ташкил этилади:

— марказлардаги тўгараклар фаолияти замонавий ва ягона дастур асосида тегишли йўналишларга босқичма-босқич ихтисослаштирилади;

— инклюзив тўгаракларга жалб қилинган педагогларга меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида ҳар ойда устама ҳақ тўланади.

У.Қурбонов, ЎзА