Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Республика ихтисослаштирилган катталар гематология илмий-амалий тиббиёт марказида аллоген гемопоэтик ўзак ҳужайралар трансплантацияси йўлга қўйилди
17:57 / 2023-11-28

Тиббиёт хабарлари

Юртимизда илк бор Республика ихтисослаштирилган катталар гематология илмий-амалий тиббиёт марказида аллоген гемопоэтик ўзак ҳужайралар трансплантацияси йўлга қўйилди.

Президентимизнинг 2021 йил 27 майдаги “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори асосида алоҳида Республика ихтисослаштирилган гематология илмий амалий тиббиёт маркази ва Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази алоҳида муассасалар сифатида ташкил этилди. 

Республика ихтисослаштирилган гематология илмий амалий тиббиёт марказида ташкил қилинган юқори технологик молекуляр-генетика лаборатория молекуляр-генетик, иммунофенотиплаш ва иммуногистохимик мураккаб текширувларни юқори даражада амалга оширувчи муассаса ҳисобланади. 

Бу ерда бажариладиган таҳлилларни бир неча йил илгари Ўзбекистонда мутлақо ўтказиш имкони бўлмаган. Шунинг учун беморлардан олинган намуналар чет элга юборилиб, у ердан тегишли жавобларни кутишга тўғри келар эди. Ҳозирда бу текширишлар марказнинг юқори малакали ходимлари томонидан тўлиқ бажарилмоқда.

АҚШ, Туркия ва Россия олимлари билан ҳамкорликда фаолият юритиб келаётган ушбу лаборатория ҳозир АҚШ стандартлари (ISO) асосида аккредитациядан ўтишга тайёргарлик кўрмоқда. 

Шундан сўнг мазкур бўлим Марказий Осиё мамлакатлари доирасида референс лабораторияга айланади ва бу Ўзбекистон тиббиёти учун муҳим воқеа бўлиши кутиляпти. 

Соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятов ҳам марказнинг клиник-диагностика лабораториясини кўздан кечириб, клиник лаборатория, вирусология, гемостаз, биокимё, иммунология ҳамда спинал мушак атрофияси генларини текширувчи лабораториялар ишини юксак баҳолади.

Республика ихтисослаштирилган гематология илмий амалий тиббиёт марказида юртимизда илк бор Ўзак ҳужайралар трансплантацияси бўлими ишга туширилган бўлиб, мутасаддилар унинг фаолиятини ҳам ўрганди. 

Ҳозирга қадар муассасада тиббиётимиз тарихида биринчи бор аллоген, яъни донордан олинган суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси амалиётлари йўлга қўйилиб, 6 нафар беморда шундай операциялар бажарилди. 

Бундан ташқари, марказ ходимлари томонидан аутологик, яъни беморнинг ўзидан олинган ўзак ҳужайралар трансплантацияси амалиётлари 94 нафар миелом ва лимфома касалликларига чалинган беморларда ўтказилди. 

Шундай лойиҳалар натижасида Ўзбекистон Тинч океани ва Осиё минтақаси мамлакатлари суяк кўмиги трансплантацияси ташкилотига (ABPMT) 23- аъзоси бўлиб қабул қилинди. 

Юқори технологик даволаш усулларини ҳудудларда татбиқ қилиш мақсадида, вилоятлар миқёсида илк бор Самарқандда бажарилган аутологик ўзак ҳужайралар трансплантацияси эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Фарғона вилоятларида йўлга қўйиш ҳамда ушбу манзилларда молекуляр-генетик текширув лабораторияларини очиш режалаштирилган. 

Беларусь шифокорлари билан онкология йўналишида ҳамкорлик қилинади

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Беларусь Республикасига хизмат сафари давомида Минск шаҳрида жойлашган Н.Н.Александров номидаги Республика онкология ва тиббий радиология илмий-амалий маркази фаолияти билан танишди. 

64 йиллик тарихга эга мазкур марказдаги илмий-тиббий-ўқув мажмуада 10 илмий лаборатория, 20 та стационар ва 11 та диагностика бўлими мавжуд бўлиб, бугунги кунда уларда жами 1700 дан зиёд малакали ходимлар, шу жумладан, 25 нафардан ортиқ тиббиёт ва биология фанлари докторлари ҳамда 12 нафар профессор меҳнат қилмоқда. Бу ерда умумий гипертремия, фотодинамик терапия каби дунёда муқобили бўлмаган ноёб даволаш усуллари қўлланилади. Марказда ўрнатилган замонавий диагностика асоб-ускуналари эса ҳатто энг оғир онкологик касалликларга ҳам тез ва аниқ ташхис қўйиш имконини бермоқда. 

Амрилло Иноятов ва марказ раҳбарияти ўртасида ўтган мулоқот давомида таъкидланганидек, юртимизда ўтказилган Ўзбекистон-Беларусь тиббиёт ва таълим кунлари кўплаб йўналишлар қаторида онкология соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни ҳам янада мустаҳкамлашга туртки бўлди. 

Учрашувда онкология соҳасида мутахассисларни ўқитиш, улар учун ушбу марказда стажировка ва малака ошириш курсларини ташкил этиш, биргаликда онкологик касалликларни даволашнинг янги усулларини жорий қилиш каби қатор йўналишларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, музокаралар давомида икки мамлакатнинг онкологик муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Ўз навбатида, беларуслик мутахассислар ўзбекистонлик ҳамкасбларидан айрим онкологик касалликларни робот технологияси ёрдамида даволашни ўрганишга қизиқиш билдирди.

Соғлом овқатланиш масалалари муҳокама қилинди


Озиқ-овқат сифати ва хавфсизлигига эътиборли бўлиш, соғлом овқатланиш инсон саломатлигида катта аҳамиятга эга. Аҳоли ўртасида соғлом овқатланиш тамойилларига, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш саломатликдек бебаҳо бойликни асрашда муҳим омил ҳисобланади. 

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Фарғона вилоят бошқармаси ва шаҳар бўлими тегишли бўлим бошлиқлари, Фарғона шаҳар прокуратураси, Фарғона шаҳар ҳудудида фаолият олиб бораётган мактабгача таълим муассасалари масъуллари, шаҳар тиббиёт бирлашмаси вакиллари ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, шунингдек мактабгача таълим муассасаларида болалар истеъмоли учун бериладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги, ошхоналарнинг санитария-гигиена талабларига мос ҳолда фаолият юритишини назорат қилиш юзасидан семинар ўтказилди.

Семинар давомида мутахассислар томонидан мактабгача таълим ташкилотларида сифатли ва хавфсиз овқатланиш тамойиллари, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори белгиланган меъёрлардан юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини инсон соғлиғи учун зарари, шунингдек болалар ва ўсмирлар томонидан кучли газланган, рангли, ширин ҳамда энергетик ичимликларнинг истеъмолини тартибга солиш тўғрисида фикрлар алмашилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА