Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази – юксак илмий салоҳиятга эга тиббиёт муассасаси
10:55 / 2022-03-17

Ўзбекистон тиббиёти – инсон қадри учун

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази мамлакатимизда кардиология соҳасида юксак илмий салоҳиятга эга тиббиёт муассасаси ҳисобланади. Марказда 241 ўринли стационар ва кунига 250 қатновга мўлжалланган Маслаҳат поликлиникаси ҳамда илмий тадқиқотлар лабораториялари фаолият юритади.

Булар Ўткир миокард инфаркти, Юрак ишемик касаллиги, Юрак аритмиялари, Артериал гипертония ва Юрак етишмовчилиги ва нокоронароген касалликлар, Функционал текширувлар ҳамда Клиник биохимия лабораторияларидир.

Ушбу лабораторияларнинг вазифалари нималардан иборат ва уларда қандай ишлар амалга оширилади? Бу ҳақда марказ директори Хуршид ФОЗИЛОВ батафсил сўзлаб берди.

Артериал гипертензия лабораторияси

– Ушбу илмий лабораторияда юқори қон босими билан оғриган беморларни ўз вақтида ташхислаш ва даволашни оптималлаштириш усулларини ишлаб чиқиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилади. Сўнгги 5 йилда гипертония касаллиги бор беморларни ташхислаш ва даволашда катта муваффақиятларга эришилди, илмий натижалар асосида клиник амалиётга гипертония касаллигини даволаш ва олдини олиш бўйича бир қатор илмий ишланмалар татбиқ этилди.

Жумладан, тузга сезгир артериал гипертензиянинг генетик тамойиллари ўрганилди ва олдини олиш режа-тадбирлари ишлаб чиқилди. “Оролбуйи минтақасида гипертоник кризларни аниқлаш ва даволаш” мавзуси экологик беқарор худудда гипертония касаллигининг тамойилларини аниқлаш ва даволашни такомиллаштириш имконини берди.

Гипертоник беморларда қон томирлар эрта қариши, юрак ва қон томирлар шикастланишини эрта аниқлаш мавзуларида дастурий ишланмалар ва ихтирога патент олдинди. Натижада юрак-қон томир касалликларининг иккиламчи профилактикасини самарали амалга ошириш, фармакотерапияни алоҳида танлаш, беморларнинг даволанишга мойиллигини ошириш, шу билан беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, ногиронлик ва ўлим фоизини камайтириш, касалхонага ётқизиш сонини камайтириш, ногиронлик кунларини камайтириш имконини берди.

Артериал гипертензия лабораторияси илмий ходимлари томонидан республикамизда илк бор гипертония касаллиги ривожланишининг эпигенетик механизмларини ўрганиш илмий лойиҳаси амалга оширилмоқда, беморларнинг ДНК банки яратилди, гипертоник беморларнинг генетик “паспортини” яратиш бўйича ишлар фаол олиб борилмоқда.

Юрак ишемик касалликлари лабораторияси

Гиперхолестеринемия билан оғриган беморларни эрта аниқлаш ва ҳаётини сақлаб қолиш учун замонавий технологияларни излашга Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Марказ замонавий ускуналар, шу жумладан секвенатор билан жиҳозлаш, атеросклероз ва юрак-қон томир асоратлари ривожланишига олиб келадиган генетик мутацияларнинг кенг доирасини аниқлаш ва даволанишни индивидуал танлаш имконияти яратилди.

Лаборатория илмий лойиҳасида амалга оширилган яна бир йўналиш – бу коронавирусдан касалланган беморларни даволаш ва уларнинг ишлаш қобилиятини тиклаш учун янги технологияларни излаш. Глобал COVID-19 пандемияси ривожланиб бориши билан баъзи беморларда узоқ муддатли аломатлар пайдо бўлиб, кўпинча ўткир COVID-19 инфекциясининг дастлабки давридан кейин кўплаб органлар ва тизимларга таъсир қилади.

Халқаро тавсияларга кўра, бу “COVIDдан кейинги” – “пост- COVID”деб номланган. Кверцетин билан даволаш постковидли беморларда бир ой давомида атеросклеротик тугунча яллиғланишини барқарорлаштиришга олиб келди, олинган ижобий натижалар асосида Интеллектуал мулк агентлигига “Ихтиро” учун ариза топширилди.

Келажакда гиперхолестеринемия генетик шакллари ва атеросклероз асоратлари хавфи юқори бўлган беморларни Инклизиран (PСSK9) генининг экспрессиясига таъсир микро-РНК(siRNA), инновацион препарати билан даволаш имкониятини ўрганиш илмий мақсад қилиб белгиланди. Ушбу технологиянинг амалга оширилиши миокард инфаркти ривожланишини олдини олиш, беморлар ҳаётини сақлашдан, стентлаш ва аортокоронар шунтлаш жарроҳликларига кетадиган харажатларни тежаш билан бирламчи профилактика босқичида, йилига 2 та инъекция йўли билан касалликни олдини олиш имконини беради.

Юрак аритмиялари илмий лабораторияси

Марказимизнинг Юрак аритмиялари илмий лабораториясида ҳаёт учун хавфли юрак ритми бузилиши мавжуд беморларда юқори технологик, молекуляр-генетик, электрофизиологик ва фармакологик усулларни қўллаган ҳолда тромбоэмболик асорат ва тўсатдан ўлим ривожланиш хатар омилларини аниқлаш ва бартараф этишга каратилган дифференциал электрон платформасини ишлаб чиқиш бўйича илмий изланишлар олиб борилади.

Тадқиқотлар натижасида амалиётга янги, маҳаллий Аксаритмин препарати турли аритмияларни даволашда татбиқ этилди. Ушбу препаратнинг юқори самарадорлиги ва хавфсизлигини тасдиқловчи 2 та ихтирога 2019 йилда Илтеллектуал мулк агентлигидан патент олинди. Яна бир тиббий ва ижтимоий йўналиш бўйича бўлмачалар фибрилляциясининг тромбоэмболик асоратларини камида 60 фоиз қисқартиришга қаратилган илмий изланишлар бўйича республикамизда илк бор бўлмачалар фибрилляцияси регистри амалга оширилмоқда.

Охирги беш йилликда аритмия йўналиши бўйича қилинган илмий ишлар жаҳон кардиологияси экспертлари томонидан юқори баҳоланди. Шу билан бирга лаборатория ходимлари ихтиёрида медикаментоз ва юқори технологик текширувлар – коронарография, МСКТ, ЭхоКГ, Холтер ЭКГ суткалик мониторлаш, Инвазив электрофизиорлогик радиотўлқинли аблация, юрак ритми вариабеллиги, турбулентлиги, кечки потенциалларни аниқлаш ва динамик кузатишга имкон берувчи замонавий ускуналар мавжуд.

Юрак етишмовчилиги ва некоронароген миокард касалликлари илмий лабораторияси

Лабороторияда профессор Тимур Абдуллаев раҳбарлигида 4 нафар тиббиёт фанлари номзодлари, кичик илмий ходимлар ва врач-ординаторлардан иборат жамоа ишламоқда. Илмий тадқиқотлар натижасида кардиомиопатия ва сурункали юрак этишмовчилиги бўлган энг оғир тоифага кирувчи кардиологик беморларни ташхислаш, даволаш усулларини жорий этилди ва оптималлаштирилди.

Илмий лабораторияда кам ўрганилган касалликлардан дилатацион кардиомиопатия, перипартал кардиомиопатия, гипертрофик кардиомиопатия, ишемик кардиомиопатиялар, миокардитлар, юрак клапанлари касалликлари ва ўпка гипертензияси билан оғриган беморларнинг маълумотлар базаси яратилди.

Илмий лаборатория ходимлари бир неча бор Республика, МДҲ ва Европанинг илмий анжуманларида иштирок этиб натижаларини маъруза килишди. Охирги 5 йил давомида 1 та докторлик ва 4 та номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди. Ҳозирги вақтда илмий лаборатория ходимлари Европада ташкил этилган кўп қиррали HFIII илмий изланишда иштирок этмоқда.

Функционал текширувлар ҳамда Клиник биохимия лабораторияси

Функционал текширувлар лабораториясида клиник амалиёт билан бирга илмий изланишлар олиб борилиши янги диагностик услубларни кундалик амалиётга татбиқ қилиш имконини яратди. Жумладан, охирги беш йил мобайнида функционал текширувлар ҳажми 5 баробар ошди. Клиник амалиётга янги юқори технологик диагностик функционал тадқиқотлар – трансторакал ва қизил ўнгач орқали ўтказиладиган 3D Эхокардиография, Спекл-трекинг Эхокардиография усуллари бўлса, даволаш амалиётига эса ультратовушли визуализация усуллари орқали бажариладиган интервенцион рентгенжарроҳлик даволаш амалиётлари татбиқ этилди.

Юрак билан бир қаторда қон томирларни мультислайс компьютер томографияси ва ультратовуш сонографимяси инсультни барвақт ташхислаш ва профилактика қилишда асосий функционал текширувлар қаторида текширув стандартларига киритилди. 2018-2020 йиллар давомида “Юрак ишемик касаллигини барқарор шакли билан оғриган беморларни жарроҳлик реваскуляризация усули билан даволашда юқори технологик визуализация методларини жорий қилишни оптималлаштириш” мавзусидаги илмий лойиҳа юксак илмий-амалий самаралар берди. Тадқиқот натижасида “Коронар атеросклерознинг ноинвазив диагностикаси” дастурий маҳсулот ва калкулятори ишлаб чиқилди.

ЎзА мухбири Моҳигул Қосимова ёзиб олди