Республика ишчи гуруҳи Тошкент вилоятида аҳоли муаммоларини ўрганиш, иқтисодий-ижтимоий аҳволи энг оғир маҳаллалардаги тизимли масалаларни ҳал қилиш бўйича фаолият олиб борди. Бу жараёнда йўллар таъмири, электр энергияси, ичимлик суви таъминоти каби аҳолининг энг бирламчи ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ мурожаатлар жойига чиқиб ўрганилди, дастурлар ижроси жадаллаштирилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мурожаатлар таҳлилига асослангани учун ҳам том маънода халқ овозини англатиб турадиган, халқ дардига дармон бўладиган тарихий ҳужжатдир. Шу ҳужжат шарофати билан бугун Тошкент вилоятининг ҳам юзлаб маҳаллаларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари боис кўплаб тизимли масалалар ҳал бўляпти.

Хусусан, Республика ишчи гуруҳи кўмаги билан Тошкент вилоятининг 481 та маҳалласида 114,2 км. ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари жадаллаштирилгани билан оби ҳаёт сўралган минглаб мурожаатлар ҳал қилинмоқда. Айни кунларда биргина Тошкент вилоятининг 481 та маҳалласида ичимлик суви тортиляпти ва бундай кенг қамровли бунёдкорлик ҳаракати вилоят тарихида биринчи марта юз бермоқда. Бу давлатимиз раҳбари илгари сурган “Инсон қадри учун!” ғоясининг реал ҳаётимиздаги амалий натижасига ёрқин ҳаётий исбот, минг-минглаб инсонларнинг ўз умридан рози бўлиб яшашини таъминлаш йўлидаги дадил қадамдир.

Шунингдек, 4 та трансформатор ўрнатилиб, 41,3 км электр тармоғи тортилиши, 1 минг 250 дан зиёд бетон таянчлар ўрнатилиши билан 43 та маҳалладаги электр таъминоти яхшиланди. Жумладан, Янгийўл тумани Қовунчи қишлоғида ҳам шу кунларда 3 км. электр тармоғини янгилашга киришилган. Бу билан 148 та хонадонда электр энергияси кучланиши меъёрга келтирилиб, 18 фоиз электр токи йўқотишларига барҳам берилади.

“Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 463 нафар мурожаатчига 11,7 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди, 1 минг 380 нафардан зиёд ишсиз инсонлар бандлигини таъминлашга кўмаклашилди. Халқ қабулхоналари, секторлар ва маҳалла институтининг ўзаро уйғун ишлашини таъминлаш эса бу борадаги натижалар бардавомлигини таъминлашда муҳим платформа бўлади.
Республика ишчи гуруҳининг Тошкент вилоятидаги фаолияти давомида ҳам вилоятга том маънода кўклам, уйғониш кириб келди. Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан маҳаллаларда “Сумалак сайли” тадбирлари ўтказилаётган бўлса, дашту далаларда баҳорги юмушлар бошланди.

Ободонлаштириш ишлари, кўчат экиш тадбирлари янада авжлантирилди. Шунга кўра, бу йил баҳорги мавсумда Тошкент вилоятида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида қарийб 10 миллион 142 минг туп мевали-манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда.
Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан тузилган Република
ишчи гуруҳининг Тошкент вилоятидаги ўрганишлари давомида ҳар бир туман-шаҳардаги долзарб, тизимли масалалар мурожаатлар таҳлили ва дастурлар ижросига боғлиқ ҳолда ҳар томонлама чуқур ўрганилди.
Аниқланган муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва ҳал этиш мақсадида аниқ молиялаштириш манбалари, ижро муддатлари ва масъул ижрочилар белгиланган ҳолда ҳар бир туман, шаҳар учун алоҳида “Йўл хариталари” ишлаб чиқилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА