Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Тошкент вилоятидаги фаолияти катта масштабдаги оммавий қабул билан бошланди. Бўканинг Бўстон маҳалласидаги очиқ-жонли мулоқотлар майдонида Президент Халқ қабулхоналари, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, қўмиталар ва Тошкент вилояти секторлари раҳбарлари ҳар бир ариза-шикоятни синчиклаб кўриб чиқди.
Ўтказилган оммавий сайёр қабулда Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ, Паркент, Олмалиқ, Пискент, Бекобод, Оққўрғон, Қибрай, Зангиота, Чиноз, Оҳангарон туманлари ва Нурафшон, Чирчиқ, Ангрен, Оҳангарон, Бекобод шаҳарларидан фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилинди.

Мурожаатларнинг 52,2 фоизи суд, прокуратура ва ички ишлар фаолиятига оид масалаларни ташкил қилди.
Олий суд раиси томонидан 122 та мурожаат қабул қилиниб, 87 таси жойида ижобий ҳал қилинди, 76 та мурожаат бўйича ўрганиш талаб этилгани сабабли назоратга олинди.

Бош прокурор ва Бош прокурор ўринбосари томонидан 160 нафар фуқаро қабул қилиниб, 47 та масала ижобий ҳал этилди, 113 та мурожаат бўйича ўрганиш талаб этилгани сабабли назоратга олинди.
Ички ишлар вазири ва ИИВ ўринбосари томонидан 102 нафар фуқаро қабул қилиниб, 47 таси ижобий ҳал этилди, 54 та мурожаат бўйича ўрганиш талаб этилганлиги сабабли назоратга олинди.

Вилоят ҳокими томонидан 307 нафар фуқародан мурожаат қабул қилинган. Шундан 50 таси моддий ёрдам, 54 таси уй-жой билан таъминлаш, 15 таси кадастр масаласи, 29 таси тиббиёт, 11 таси иш билан таъминлаш, 10 таси кредит ва 138 таси бошқа масалалардан иборат.
Ушбу мурожаатларнинг 93 таси ижобий ҳал этилган, 214 та мурожаат бўйича ўрганиш талаб этилгани сабабли назоратга олинди. Мисол учун бекободлик Сафарой Бердиева маҳалласидаги юз нафар хотин-қизни кооперацияга бириктириб, кийимлар тайёрлар экан. Тадбиркор аёл Бош прокуратура масъулларига 2-сектор ёрдами учун раҳмат айтаркан, маҳсулотлар реализациясида амалий ёрдам сўради. Мурожаатдан сўнг кооперация учун тез орада бозордан жой ажратиладиган бўлди.

Ички ишлар вазирлиги масъуллари билан мулоқотлардан сўнг 6 нафар собиқ ички ишлар ходимларининг тизимга ишга тиклангани ҳам инсон қадрини юксалтириш бугун мамлакатимиз давлат органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифасига айланаётганини яна бир бор намоён қилди. Жиззахлик Шароф Бердиевнинг ҳаётида ҳам бугун адолат ғалаба қилди. Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 2022 йил 7 июндаги ҳал қилув қарори ва Ички ишлар вазирлиги хулосаси асосида майор Бердиев 11 йил деганда яна ўз соҳасига, ўз вазифасига қайтяпти.
Бўкалик Рустам Шодиев мурожаати асосида эса “Дўстлик” маҳалласидаги серқатнов кўчада пиёдалар ўтиш йўлаги бунёд этилди.
Мурожаатлар асосида Тошкент вилояти ҳокимлиги маҳаллий бюджетидан бўкалик оғир ижтимоий аҳволдаги оилалар муаммоларини ҳал қилиш учун 721 млн. сўм маблағ ажратилди. Умуман, мазкур оммавий қабулда 735 та масаланинг 242 таси жойида ҳал этилиб, 227 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, 266 та мурожаат назоратга олинди.
М.Қосимова,
ЎзА