Айни кунларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тузилган Республика ишчи гуруҳи Хоразм вилоятининг Хонқа туманидаги аҳоли муаммоларини ўрганиб, уларга ечим топишда кўмаклашмоқда.
Бунда энг оғир, энг чекка, энг олис ҳудудларда, маҳаллама-маҳалла, қишлоқма-қишлоқ, кўчама-кўча, уйма-уй юрилиб, аҳоли билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини бартараф этишга эътибор қаратилмоқда.

Секторлар кесимида ижтимоий объектлардаги шарт-шароитлар ва муаммоли ҳолатларга эътибор қаратиляпти.

Бугунга қадар туманнинг 44 та маҳалласида 31 525 та хонадон кўздан кечирилди. Уйма-уй юриш давомида 6 079 та муаммо аниқланиб, 1 634 таси жойида ҳал этилди.

Туман сектор раҳбарлари 4 та ижтимоий-иқтисодий ҳолати нисбатан оғир бўлган «Ширин», «Тома», «Нуробод», «Маданий ер» маҳаллаларидаги аҳоли хонадонларида тунаб қолиб, маҳалла фаоллари, оқсоқоллар, нуронийлар билан ҳудудда аҳолини қийнаб келаётган масалалар бўйича суҳбатлар ўтказди, муаммоларга жойида ечим топиш чоралари кўрилди.

Хусусан, электр таъминотини яхшилаш мақсадида 72 дона темир бетон таянчлар, 2 та трансформатор ўрнатилди, 1 таси юқори кучланишли трансформаторга алмаштирилди, 2,5 км. тармоқ тортилди. 18,4 км. ички йўллар шағаллаштирилди.181,4 минг тонна қўшимча суюлтирилган газ етказиб берилди.

Шу билан бирга, 30 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга реабилитация воситалари, протез маҳсулоти етказиб берилди. 246 та эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларга жами 100 млн. сўмдан зиёд турли амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашдаги янгича тизим янги йил байрами арафасида фуқароларга яхши кайфият улашмоқда.
ЎзА