Республика ишчи гуруҳи Оққўрғон туманида бўлди
Бугун хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика ишчи гуруҳи Оққўрғон туманида бўлди.
Бугун хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика ишчи гуруҳи Оққўрғон туманида бўлди.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов иштирокида тумандаги хотин-қизларнинг бандлиги масаласига бағишланган учрашув ўтказилди.
Туман ҳокими қарори билан ҳар бир хотин-қизга бир гектардан, жами 50 гектар ер майдони ажратилиб, кооперация ташкил этишга қарор қилинди. Тадбир давомида ҳар бир хотин-қизга ердан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи сертификат топширилди. Бундан ташқари, уларнинг дала ишларига ёрдам тариқасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 382 миллион сўмлик New Holding TD 5 русумли трактор совға қилинди ҳамда дала шийпони учун 300 миллион сўмлик маблағ ажратилди.

Шундан кейин меҳмонлар Оққўрғон туман ҳокими Фарҳод Омонов ҳамроҳлигида манзилли дастур йўналиши асосида қайтадан таъмирланаётган “Хотира майдони”га ташриф буюрди. Дастлаб замонавий архитектура асосида барпо этилаётган Тарих ва ўлкашунослик музейида бўлишди. Музей директори Э.Тошпўлатов “Хотира майдони” мажмуасида амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берди.
Меҳмонлар хусусий тадбиркор Д.Усмонова томонидан қурилган “Ширинтой” номли хусусий мактабгача таълим ташкилотида ҳам бўлиб, яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди. Хусусий тадбиркорга республика касаба уюшмалари Федерацияси томонидан боғчани жиҳозлаш учун 500 000 000 сўм пул маблағи ажратилди.

Республика ишчи гуруҳи аъзолари тумандаги “Шамалак дам олиш сайилгоҳ”да ҳам бўлди. 2018 йил 5 январда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг туманга ташрифи давомида берилган топшириғи бўйича сайилгоҳда бажарилган ишлар тўғрисида туман ҳокими ўринбосари Ш.Марупов ахборот берди.
Шунингдек, меҳмонлар “Оққўрғон барака чеварлари” тикувчилик корхонаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, ёшларнинг ўз касбига бўлган шижоатини кўриб, хурсанд бўлди. Республика касаба уюшмаси Федерацияси томонидан ушбу тикувчилик корхонаси учун 200 дона замонавий русумдаги тикув машинаси билан жиҳозлаш таклифи билдирилиб, маъқулланди.
Ташриф якунида Республика ишчи гуруҳи томонидан вилоятдаги барча шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган эҳтиёжманд аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида уларга турли хилдаги маиший уй-рўзғор буюмлари топширилди.