Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати”да Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Н.Обломуродов “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини самарали амалга ошириш, маиший чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берар экан қуйидагиларни таъкидлади:
— 2017-2021 йилларда чиқиндиларни бошқариш тизимини тубдан қайта ташкил этиш ва соҳани такомиллаштириш юзасидан 27 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар асосида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш инфратузилмаси яратилди, 13 та санитар тозалаш давлат унитар корхонаси ҳамда уларнинг туман ва шаҳарлардаги 172 та филиали ташкил этилди. Бюджет маблағлари ҳисобидан 632 миллиард сўм маблағ эвазига 1 минг 245 та махсус техника харид қилиниб, корхоналарнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди.
Хизматлар билан қамров даражаси кескин ошди. Яъни, республика ҳудудининг 91 фоизи санитар тозалаш хизматлари билан таъминланиб, 2016 йилга нисбатан 18 баробарга ошди. “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналарида 8 минг нафардан ортиқ ёки 2016 йилга нисбатан 3,2 баробарга ортиқ аҳоли доимий иш ўринлари билан таъминланди, 36 та қаттиқ маиший чиқинди полигонининг рекультивация қилиниши натижасида 90,1 гектар ер майдони давлат захирасига топширилди.
Шу билан бирга, Президентимиз томонидан белгилаб берилган, чиқиндилар билан ишлаш соҳасига давлат-хусусий шериклик тамойилини жорий қилишга қаратилган устувор вазифаларни бажариш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 26 та давлат-хусусий шериклик битими имзоланди, 51 та туман ва шаҳар ҳудуди хусусий шерикларга бириктирилди, — деди Нарзулла Обломуродов.
М.Комилова, ЎзА