Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Республика фан олимпиадасининг Самарқанд вилояти босқичида 1400 нафарга яқин ўқувчи қатнашмоқда
14:57 / 2021-01-05

Бугун – 5 январдан Самарқанд шаҳридаги информатика ва ахборот технологияларини ўқитишга ихтисослаштирилган 9-давлат умумтаълим мактабида умумтаълим фанлари бўйича Республика фан олимпиадасининг III (вилоят) босқичи бошланди.

– Президентимизнинг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ фан олимпиадалари ғолибларини рағбатлантиришнинг янги тизими жорий этилди, – деди олимпиада очилишида Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиева. – Унга кўра, халқаро математика, информатика, физика, биология ва кимё олимпиадаларида 1-, 2- ва 3-ўринларни қўлга киритган ўқувчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баробаридан 200 бараваригача, ўқитувчига эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 450 баробаридан 150 баробаригача бир марталик пул мукофоти берилади. 

Шунингдек, асосий олимпиадаларимизнинг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларга ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилинади. Уларни тайёрлаган ўқитувчилар эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан 30 баробаригача бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.

10 январга қадар давом этадиган олимпиадада иккинчи босқичида ғолибликни қўлга киритган мактабларнинг 9, 10 ва 11-синф ҳамда академик лицейлар ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари (1393 нафар) қатнашади.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА