Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда энергия узилиши шароитида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ишлар, кўрилган тезкор чоралар юзасидан маълумот берилди. Севара Убайдуллаева таъкидлаганидек, кечанинг ўзида барча тиббиёт муассасаларида электр узлуксизлигини таъминлаш чоралари кўрилди.
Пандемия шароитидан келиб чиққан ҳолда, Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарини дизель генераторлари орқали электр энергияси билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Қолаверса, республикамиздаги қолган барча тиббиёт муассасаларида ҳам дизель электр манбаи ўрнатилиб, ҳар бир шифохонада электр таъминоти учун 24 соат навбатчилик ташкил этилди.
26 январь ҳолатига кўра республика бўйлаб тиббиёт муассасаларидаги электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланди ва шифохоналар одатий иш тартибида фаолият юритмоқда.
Агар сизда мазкур ҳолат бўйича мурожаатлар бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги 1003 қисқа рақамли Call-маркази ҳамда вазирлик марказий штабининг 71-241-15-01 телефон рақамларига туну кун қўнғироқ қилишингиз мумкин, – деди Севара Убайдуллаева.
Моҳигул Қосимова,ЎзА