Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Ўлмас Музаффаров иштирокида ўтказилган брифингда тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган 5 ойи даврида республикада юз берган ёнғинлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 567 тага, тан жароҳати олганлар сони 26 тага, ҳалок бўлганлар 8 тага камайган.
Бироқ, кунларнинг кескин исиб кетиши эвазига, ҳамюртларимизнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинмасликлари оқибатида юз бераётган ёнғинлар ташвишли ҳисобланмоқда.
Май ойи ва июнь ойининг биринчи ўн кунлигида ёнғинлар билан боғлиқ вазият фаоллашгани кузатилмоқда. Ушбу даврда содир бўлган ёнғинлар 981 тани ташкил этиб, 106 таси қуриган ўсимликларни ёниши, 665 таси аҳоли турар жойлари ва 210 таси бошқа объектларга тўғри келмоқда. Ёнғин келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда, аксарият ҳолларда аҳоли яшаш жойларидаги ёнғинлар маиший кондиционер ва музлаткичлардан ҳамда тозаланмаган қуруқ ўтларнинг ёнишидан келиб чиқаётганлиги маълум бўлмоқда.
Қайд этилишича, жазирама пайтларда инсон учун қулай шароитлар яратиш мақсадида, ҳавони салқинлатувчи турли электр қурилмалардан, айниқса, кондиционерлардан фойдаланиши даражаси ортиши табиий. Бироқ, кондиционердан узоқ муддат қаровсиз фойдаланиш, электр таъминоти қоидаларига риоя этмаслик, битта электр истеъмолчи учун мўлжалланган электр токи манбаларига катта қувватга эга бир-нечта истеъмолчиларнинг уланиши, электр кабелларнинг қизиши ва оқибатда манфий ва мусбат симларнинг қисқа туташувига олиб келиб, ёнғин чиқишига сабаб бўлмоқда.
Маиший кондиционерлар билан боғлиқ ёнғинларнинг олдини олиш борасида кондиционер ишлаб чиқарувчининг техник шартлари асосида ўз мутахассислари томонидан ўрнатилиши лозим ҳамда кондиционернинг қуввати ҳисобга олинган ҳолда электр симлар ва умумий электр қутисидаги ҳимоя автоматлари ҳисоб-китоблар орқали тўғри танланиши керак бўлади.
Мисол учун, 5,3 кВт қувватига эга кондиционер, юзаси 2,5 мм дан кам бўлмаган, икки ҳимояли мис симлар орқали 25 амперлик ҳимоя автоматига ва 7,5 кВт қувватига эга кондиционер юзаси 4 мм дан кам бўлмаган, икки ҳимояли мис симлар орқали 35 амперлик ҳимоя автоматига уланиши лозим. Кондиционерни улашда алюмин симлардан фойдаланиш тавсия этилмайди.
Ортиқча юкланиш ва электр симларининг қизиб ёнишининг олдини олиш мақсадида, кондиционер электр узаткич (удлинитель) орқали уланмаслиги ва битта электр манбаидан бир неча электр ускуналар фойдаланиш мумкин эмас.
Юқорида қайд этилган талаблар билан бирга ҳар бир маиший техниканинг созлиги, унинг хизмат кўрсатиш муддати ва узоқ вақт давомида назоратсиз қолдирилмаслиги муҳим аҳамиятга эга.
Бундан ташқари, ёнувчан газ, нефть, нефть маҳсулотлари ва шу каби портлаб-ёниш хавфлилиги жиҳатидан хавфли бўлган моддалар ва материалларни қайта ишлаш, сақлаш ва реализация қилишга мўлжалланган объект раҳбарлари томонидан, ер устида жойлашган сиғимларнинг сиртини қуёш нурини қайтарувчи бўёқлар билан бўялганлиги, нафас олиш клапанларининг созлиги, портлашдан хавфли ер устидаги жиҳозларга туташ майдонларнинг қуриган ўсимликлардан тозаланганлиги, корхоналар ҳудудида чекиш ва очиқ оловдан фойдаланишни тақиқлаш бўйича қатъий режим ўрнатилганлиги, етарли миқдорда бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланганлиги каби ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА