Андижон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг енгил атлетика бўйича “А” лига республика босқичи бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда маҳалла ёшларини спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги спорт мусобақалари юқори кўтаринкилик билан ўтказиб келинмоқда. Биргина енгил атлетика мусобақаларининг маҳалла, туман, шаҳар, вилоят ва мамлакат босқичларида республика бўйича 696 минг нафар, шундан 353 минг нафар қизлар иштирок этди.
“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг Андижонда бўлиб ўтган енгил атлетика бўйича “А” лига республика босқичи мусобақаларида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят босқичларида 1-ўринни қўлга киритган маҳалла жамоалари иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.
[gallery-24142]
Қизиқарли ва муросасиз баҳслар асосида ўтган мусобақада аёллар ўртасида 16-21 ёш тоифасида 1-ўрин Фарғона, 2-ўрин Андижон, 3-ўрин Қашқадарё вилоятлари, 22-26 ёш тоифасида 1-ўрин Қашқадарё, 2-ўрин Самарқанд вилоятлари, 3-ўрин Тошкент шаҳри, 27-30 ёш тоифасида 1-ўрин Қашқадарё вилояти, 2-ўрин Қорақалпоғистон Республикаси, 3-ўрин Сирдарё вилояти жамоаларига насиб этди.
Эркаклар мусобақаларида эса 16-21 ёш тоифасида 1- ўринни Наманган, 2-ўринни Самарқанд, 3-ўринни Фарғона вилоятлари, 22-26 ёш тоифасида 1-ўринни Навоий, 2-ўринни Фарғона, 3-ўринни Сирдарё вилоятлари, 27-30 ёш тоифасида 1- ўринни Навоий, 2- ўринни Сирдарё вилоятлари, 3- ўринни Тошкент шаҳри жамоалари қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан медал, диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Маълумот ўрнида, мусобақанинг республика босқичида биринчи ўринни эгаллаган маҳалла жамоасига универсал, иккинчи ўринни эгаллаган маҳалла жамоага стритбол ва воркаут, учинчи ўринни эгаллаган маҳалла жамоасига воркаут майдончалари қуриб берилади.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари