Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Республика болалар кутубхонасини  реконструкция қилиш жараёнида ажойиб паннолар топилди
18:41 / 2023-08-03

Тез кунларда пойтахтимизда Республика болалар кутубхонаси яна ўз эшикларини очади. 130-йиллик  бинони реконструкция қилиш ишлари Петербург  Ludi Architects меъморчилик бюроси лойиҳаси асосида 2020 йил сентябрь ойида бошланган эди, деб хабар беради Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш  жамғармасининг  матбуот хизмати.

Кутубхонани ички пардозлаш ишлари давомида ажойиб деворий суратлар  топилди.  Қурувчилар девордаги расмларни қоплаган  7 та бўёқ қатламини моҳирлик билан олиб ташлашди. Расмлар XX асрнинг 60-йилларига оид эканини аниқлашга муваффақ бўлинди. 

Панноларни эҳтиёткорлик билан тиклаш ва сақлаб қолиш учун Туркиянинг Mesa компаниясидан сулолавий реставраторлар  таклиф этилди. Профессор Мюнневер Учер, доцент Кая Учер ва  реставратор Элиф Наз Учер асарларни тиклаш ишларини  бошлаб юборди.  Олдин ушбу реставраторлар жамоаси Топкапи саройи, Истанбулдаги  Ая София ва Сулаймоний масжидлари ҳамда бошқа маданий мерос  объектларида шифтки расмларни   тиклаш устида ишлашган. 

– Реставрация ишлари давомида олинган маълумотларга кўра,  суратлар сомон ва лой  қоришмасидан тайёрланиб,  офтобда тобланган деворга   мойбўёқ ёрдамида ишланган. Бундай ашё Туркияда “kerpiç” ёки Ўзбекистонда “сомон” деб аталади.  Сомоннинг мойбўёқ билан уйғунлаштириш  бугунги кунгача сақланиб қолган ажойиб панноларни яратиш имконини берган.  Биз бўёқ қатламларини Туркиядаги  реставрация лабораториясида  таҳлил қилишни режалаштираяпмиз. Бу бизга  топилган суратлар тавсифи ҳақида янада аниқроқ хулосалар чиқариш имконини беради, - дейди доцент Кая Учер.  

– Эҳтимол, манзарали паннолар бўёқларнинг эскириши ёки ташқи шикастланишлар,  яна бир тахминга кўра, бино интерьерининг ўзгаргани сабабли бўялиб кетган бўлиши мумкин.  Биз  асарнинг  асл тароватини  сақлаб қолиш мақсадида реставрация жараёнида  анъанавий усулларни қўллаш, уларни ушбу  асарнинг бетакрор ранглари ва бўяш техникасига мослаштиришни режалаштирганмиз. Мақсадимиз – шикастланган жойларни  бартараф этиш ва сақланиб қолган картиналарни  муносиб ҳимоя билан таъминлашдир, - дейди профессор Мюнневер Учер.  

Республика болалар кутубхонаси сентябрь ойининг бошларида меҳмонларга ўз эшикларни  очади ва ташриф буюрувчилар қайта тикланган  манзарали  панноларни томоша қилиш имконига эга бўлади. 

Реконструкция лойиҳаси Санкт-Петербурнинг Ludi Architects меъморчилик бюроси  томонидан ишлаб чиқилди. Бюро 2005 йилдан буён меъморчилик ва шаҳарсозлик ғояларини ишлаб чиқиш,  бинолар, шаҳар ҳудудлари ва жамоат  жойларининг ландшафт дизайни билан  шуғулланади.  Бюро музейлар ва маданий объект бинолари, хусусан кутубхоналар ва китоб фондлари билан ишлашга ихтисослашган. 

Н. Усмонова  тайёрлади, ЎзА.