Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рентген ускунаси келтирилди
15:27 / 2026-01-26

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан қиймати 744 миллион сўм бўлган янги авлод SiCoRD-MT паст нурланишда ишлайдиган мобил рақамли рентген аппарати олиб келинди.

Мазкур ускуна болалар организмига мослаштирилган бўлиб, нурланиш даражаси анъанавий рентген аппаратларига нисбатан бир неча баробар кам. Шу билан бирга, у юқори аниқликдаги рақамли тасвирларни қисқа вақт ичида олиш имконини беради. Аппаратнинг мобиллиги уни реанимация, жарроҳлик блоки ва шифохонанинг бошқа бўлимларида беморни кўчирмасдан туриб қўллаш имконини яратади.

Мутахассислар таъкидлашича, болалар тиббиётида, айниқса нейрожарроҳлик, травматология ва онкология йўналишларида ҳар бир миллиметрлик аниқлик ҳаётий аҳамиятга эга. Илгари бундай текширувлар учун беморларни бошқа муассасаларга юборишга тўғри келган, бу эса вақт йўқотилиши ва қўшимча хавфларни келтириб чиқарар эди.

–  Мазкур аппаратнинг муассасамизга олиб келиниши юқори технологик жарроҳлик амалиётларини режалаштириш ва уларни бажаришда муҳим диагностик воситага айланди. Айниқса, ўта мураккаб нейрожарроҳлик операцияларида операция олдидан ва унинг давомида аниқ визуал назоратни таъминлаётгани катта ютуқ, –  дейди нейрохирург Шуҳрат Қиличев.

Қайд этилишича, замонавий рақамли рентген ускуналарининг жорий этилиши нафақат тиббий хизмат сифатини оширади, балки оғир ҳолатдаги болаларга ўз вақтида ва аниқ ёрдам кўрсатиш имкониятларини ҳам кенгайтиради.

– Энг асосийси, муассасага келтирилган мазкур аппарат юқори сезувчан рақамли детектор билан жиҳозланган бўлиб, у минимал нурланиш шароитида ҳам аниқ ва юқори сифатли тасвирларни олиш имконини беради. Бу эса нур юкини камайтириш билан бирга, диагностика аниқлигини янада оширади, – дейди Шуҳрат Қиличев.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири