Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Реновациянинг қонуний асоси бўлиши ва жамоатчилик фикри инобатга олиниши зарур
16:07 / 2024-02-28

Куни кеча Тошкент шаҳар ҳокими оммавий ахборот воситалари орқали ўзининг чиқишларидан бирида Тошкент шаҳрида кўп йиллар олдин қурилган икки қаватли ёки вақтинчалик қурилган хавфсизлик нуқтаи назаридан талабга жавоб бермайдиган, тахминан 500 гектардан ортиқ ҳудуддаги уй-жойлар реновация дастурига тушган, деб ахборот бериб ўтди.

Ушбу масала кўплаб фуқаролар, шу жумладан ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. Мазкур масала юзасидан «Миллий тикланиш» демократик партияси ҳам ўз муносабатини билдирди. 

Партиянинг муносабатида қуйидагилар қайд этилган: 

“Фойдаланишга яроқсиз, эскирган кўп қаватли уй-жойлар ўрнига янгиларини қуриш яхши, албатта. Бу билан пойтахтимиз обод бўлади, кўчаларимиз кўркамлашади, аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишлари жадаллашади. 

Бироқ, реновация дастуларини ишлаб чиқиш учун, энг аввало, ушбу жараённи очиқ ва шаффоф амалга оширишнинг қонуний асослари, реновация тартиби ва қоидалари бўлиши лозим. Қолаверса, реновация дастури лойиҳаси реновацияга тушадиган уй-жой мулкдорларининг розилигига асосланиши ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаларидан ўтказилиши шарт. 

Реновация бўйича қонун қабул қилинмасдан бу ишлар амалга оширилса, афсуски, бир неча йиллар олдин мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузиш ва мамлакатимиз имижига салбий таъсир кўрсатган «снос», деган ҳолатга ўхшаш жараёнлар бошланиб кетиши эҳтимолдан йироқ эмас. 

Янгиланган Конституциямизнинг 49-моддасида шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши қатъий белгиланган. Уй-жой мулкдорлари ҳуқуқлари эса Асосий қонунимизнинг тегишли моддалари билан кафолатланди. 

Қолаверса, Ўзбекистонга кўплаб инвесторлар келаётган, туризм ривожланаётган бир шароитда Тошкентнинг қадимий ва тарихий аҳамиятга молик биноларини, кўп қаватли турар жойларни, умуман олганда, шаҳарнинг тарихий қиёфаси ва архитектурасини ҳам сақлаб қолишимиз шарт. 

Шу боис, Ҳукумат ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги, энг аввало, Реновация тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиб, парламент қабул қилгандан кейингина реновация билан боғлиқ дастурларни амалга ошириши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз”, дейилади ЎзМТДП муносабатида. 

М.Комилова, ЎзА