Президент ташрифдан сўнг...
“Ёшликда олинган билим тошга битилган нақш кабидир“, дейилади доно халқимиз ҳикматларида. Тараққиёт йўлида бугун замонавий технологияларнинг имкониятларига таянмасликнинг иложи йўқ. Айни мақсадларни ўзида жамлаган Бўстонлиқ туманидаги “Ренессанс“ болалар соғломлаштириш оромгоҳи 2022 йилда қурилган бўлиб, бугунги кунда 500 га яқин дам олувчи ёшларни қабул қилиш қувватига эга.
Мазкур сўлим масканда педагог ходимлар ва ўқувчи-ёшларнинг ёзги таътилда бўш вақтини мароқли ўтказиш мақсадида кучайтирилган машғулотлар, маънавий-маданий тадбирлар, “ёзги оромгоҳлар” ташкил этиб келинмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни “Ренессанс“ болалар соғломлаштириш оромгоҳига ташриф буюриб, у ерда яратилган шароитлар, жумладан, STEAM лабораториясида ўқувчи-ёшлар учун жамланган замонавий технологик воситаларни кўздан кечирган эди.
– Оромгоҳимизда ташкил этилган STEAM лабораториясида бир қанча йўналишларда иқтидорли ёшлар халқаро фан олимпиадаларига тайёрланади, – деди Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Севара Шокирова. – Лабораторияда ўқувчилар биология, кимё, физика, арт дизайн, симуляция йўналишида олган назарий билимларини амалиётда қўллайди. Жумладан, биология-кимё лабораториясида ўқувчилар туман ҳудудидаги ҳашарот олами, қушларни фан йўналишидаги олимпиадага қадар ўрганади.
Ўқувчилар тайёргарлик кўриш билан бирга, оромгоҳда Бўстонлиқ тоғлари ҳавосидан баҳра олади. Шунингдек, лабораториянинг физика хонасида хорижий ва маҳаллий ўқитувчилар кўмагида ўқувчиларга дарслар берилади.
Бундан ташқари, STEAM йўналишида арт санъат бурчаги ҳам ташкил қилинган. Бу ерда эса ўқувчи-қизлар адабиёт, санъат йўналишида комикслар яратишади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Bjmuj6PYazk?si=LbPZpDsPQaRwF0Cj" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА