Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ренессанс — уйғониш маърифати, янги тараққиётнинг умуммиллий ҳаракати
12:03 / 2023-05-19

Бухорода Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат ва нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти, “Маърифат” тарғиботчилари жамияти, вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида илм-маърифатнинг қадим ўчоғи бўлган Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида “Учинчи Ренессанс – маърифатли жамият сари” мавзусида Республика илмий-амалий анжумани бошланди.

Мазкур конференция Президентимизнинг  2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” да амалга оширишга оид давлат дастурининг “Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш” йўналишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасида олиб борилаётган ишларни ёшлар орасида кенг тарғиб этиш ҳамда таълим муассасаларида юксак маънавий-ахлоқий фазилатли, билимли кадрларни тайёрлашга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди.

Конференцияда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 100 нафардан ортиқ олимлар, профессор, доцентлар ҳамда ҳудудлардан турли соҳа мутахасислари ZООМ дастури орқали иштирок этмоқда.

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, Сенатор, фалсафа фанлари доктори Минҳожиддин Ҳожиматов конфренцияни очиб берди. Бугунги илмий-амалий анжуманнинг аҳамияти, Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини яратиш борасида ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди.  

[gallery-11951]

– Бугун Янги Ўзбекистонда Уйғониш маърифати машъали кўтарилди,  – дейди Минҳожиддин Ҳожиматов.  – Биз икки Ренессанс кўрган буюк халқмиз. Демак, Учинчи Ренессанснинг зафари ҳам шубҳасиз. Президентимизнинг Учинчи Ренессанс пойдеворини қураяпмиз, деган сўзлари бугунги янгиланишлар, ўзгаришларда ўз нишоналарини кўрсатмоқда. Ренессанс — уйғониш маърифати, янги тараққиётнинг умуммиллий ҳаракати. У миллат тафаккуридаги тарқоқликни бартараф этиб, уларни ҳамжиҳат, бир кучли иқтидорга, яратувчи кучга, қудратли тўлқинга айлантиради. Насиб этса, у миллатнинг бунёдкор қудратини уйғотувчи, улуғ сиймолар, ХХI асрнинг баркамол шахсларини тарбиялаб, юзага чиқарувчи, гуманистик тўлқинга айланади. Биз бугун ҳаётимизда ана шу тўлқин эпкинларини сезмоқдамиз, унга куч бериш эса ҳар биримизга боғлиқ.

Тадбирда Сиёсий фанлари доктори, профессор  Нарзулла Жўраев сўз олиб, “Уйғонишнинг янги даври”, Фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳамедова  “Жамият ва фан: объектив  реаллик ва юксалиш  сари”  мавзуларида маъруза қилди. “Маърифат” тарғиботчилари жамияти раиси Бахтиёр Ҳусанов илмий-амалий конференция ўтказиш учун айнан Бухоро вилояти танлаб олингани бежиз эмаслигини, Бухоро тарихда ўчмас из қолдирган алломаларга бешик бўлганини, келажакда ҳам бу заминдан ана шундай истеъдодлар етишиб чиқишига ишонишини билдирди.

Мазкур анжуман республикамиз бўйлаб фаолият юритаётган зиёлилар учун тажриба алмашиш учун маънавий майдон вазифасини ўтайди.

 

Зариф Комилов,  

Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА