Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ренессанс таълим университети ва Қозоғистон олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқмоқда
13:30 / 2024-04-17

Ўрта асрлар Шарқ тарихи юксалиши маданият ва таълим-тарбия, тиббиёт, адабиёт, санъат ва архитектура соҳаларидаги беқиёс юксалиш, илмий мактабларнинг вужудга келиши, янги-янги истеъдодли авлодлар тўлқинининг пайдо бўлиши ва вояга етиши – буларнинг барчаси, биринчи навбатда, иқтисодиёт, қишлоқ ва шаҳар хўжалигининг жадал ўсиши, ҳунармандлик ва савдо-сотиқнинг юксак даражада ривожланиши, йўллар қурилиши, янги карвон йўлларининг очилиши ва авваламбор, нисбий барқарорликнинг таъминланиши билан бевосита боғлиқ бўлган. Бу даварда яшаб ижод қилган, жаҳон цивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса қўшган Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг қомусий билимлари олдида ҳали ҳамон ҳайратланамиз. Ўз даврида ҳозирги замон илм-фанининг илк пойдеворини қўйган ва ривожлантирган аждодларимиз қадим-қадимлардан Ғарб Шарқ халқлари яратган тафаккур, ғоя, кашфиётлар ва донишмандликни синчиклаб ўрганганлар. Шунинг учун ҳам ўрта асрларда Ғарбда “Нур Шарқдан таралади” деган иборанинг пайдо бўлиши ҳам бежиз эмас. Буюк тарихга эга бўлган халқнинг маънавияти ҳам буюк бўлади. Чунки буюк маънавиятга эга бўлмаган халқ, буюк тарих яратолмайди. Буюк тарихни яратилиши ва унинг тараққий этишида тилнинг ўрни вазифаси алоҳида аҳамият касб этади.

Боиси, тил бу – миллий бойлик, миллий ўзлик, энг улуғ қадрият! Ота-боболардан қолган бу меросни асрамоқ, ривожи учун муносиб ҳисса қўшмоқ ҳар бир кишининг чин фарзандлик бурчи. Тил инсоннинг бирламчи эҳтиёжи, англаш, билиш, сўзлаш, алоқа-муносабат воситаси, мансуб-хослик омили бўлгани боис ҳамиша жамият равнақининг асосий мезонларидан бўлиб келган. Жумладан, ўзбек тили ўзбек миллатининг узоқ тарихий илдизларига, ўз сиёсий-ҳуқуқий асосларига эга муқаддас қадрияти, улкан маънавий ютуғидир. Бугунги тараққиётига қадар шонли ва шарафли йўлларни босиб, кескин ва шиддатли тўфонларни енгиб келаётган миллий тилимиз давлат мақомида янада улуғвор ва устуворлигини намоён қилмоқда. Дарҳақиқат, сўнгги йилларда давлатимиз томонидан ўзбек тилига берилаётган эътибор эътирофга сазовор. Зеро, ўзбек тили давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч манбаи экан, бутун кучни халқ ичидан олгувчи ва қучоқ очиб халқ ичига талпингувчи Юртбошимизнинг ўзбек тилининг мақомини ошириш борасидаги фаолиятлари таҳсинга сазовор.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва халқаро нуфузини тараққий эттирилиши йўлидаги ҳаракатлар тобора ошиб бормоқда. Зеро, тинчлик ва барқарорлик бўлсагина илм-фан соҳасида ўсиш, тараққиёт ҳукм суради. Тинчлик ва барқарорлик бор мамлакатда илм-фан марказлари, таълим муассасалари равнақ топади. Энг асосийси, таълим-тарбиянинг ривожаланишига эътибор янада кучаяди. 

Бугунги кунда илм-фан тараққиёти ва интеграсияси ривожига алоқадор қатор фармон ва қарорлар қабул қилинган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017–2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг устувор йўналишларида таълим соҳасидаги халқаро лойиҳаларда иштирок этиш ҳамда таълим соҳаларида режалаштирилган ҳамкорликни ривожлантириш зарурлиги белгилаб берилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020-йил 20-октябрдаги ПФ-6084-сон Фармонининг 2-бандида “хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тили курсларини зарур илмий, ўқув-услубий, бадиий адабиётлар билан таъминлаш, ўзбек тилини ўргатишга доир илмий тадқиқотлар миқдорини ошириш, шунингдек, хориждаги ўзбек тили марказларида ўзбек тилини ўргатувчи курслар фаолиятини йўлга қўйиш” вазифалари белгиланган.

Мана шу вазифалар ижроси доирасида Ренессанс таълим университети ва унинг кафедраларида қатор хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида илмий сафар уюштирилди. Хизмат сафарининг зарурати юқоридаги қатор фармон ва қарорларнинг ижроси ҳамда Ренессанс таълим университетининг халқаро ҳамкорлик бўйича навбатдаги режалаштирилган вазифаларга қаратилган. Мана шу вазифалардан келиб чиқиб Ренессанс таълим университети “Филология” ва “Хорижий филология” кафедраларининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари 2024-йил 8-10-апрель кунлари Мухтар Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети ҳамда Қозоғистон Республикаси Жумабек Ташенев номидаги университетга ташриф буюришди. 

Ҳамкорлик доирасидаги сафар иштирокчиларини Қозоғистон Республикасидаги Жумабек Ташенев номидаги университет филология факультети декани ф.ф.ф.д. (PhD) А.Мамит ва университетнинг халқаро алоқалар бўйича бўлим бошлиғи, Тил ва адабиёт кафедраси доценти, п.ф.ф.д. (PhD) Ш.Норалиевалар кутиб олишди. 

Дастлаб Ренессанс таълим университетидан ташриф буюрган “Филология” кафедраси мудири, ф.ф.д., профессор М.Турдибеков, “Филология” кафедраси профессори, ф.ф.д. Л.Раупова, “Филология” кафедраси профессори, ф.ф.д. И.Исломов ва “Хорижий филология” кафедраси катта ўқитувчиси Д.Хакимовалар университетнинг халқаро алоқалар бўйича бўлим бошлиғи, Тил ва адабиёт кафедраси доценти, п.ф.ф.д. (PhD) Ш.Норалиева бошчилигида таълим муассасасининг биноси, ўқув хоналари, ахборот ресурс маркази билан яқиндан танишишди, университетнинг ўқув-методик ишлар бўйича проректори П.Т.Байнеева билан учрашишди. Меҳмонлар университетдаги ўқув жараёни, дарс машғулотларининг ташкил этилиши, ўқув-меъёрий ҳужжатлар билан таништирилди. 

Жумабек Ташенев номидаги университет ректори К.С.Байбелов меҳмонларни университет фаолияти, ундаги мавжуд таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари билан яқиндан таништирди. Халқаро қўшма амалий, инновацион, фундаментал лойиҳаларни амалга оширишни йўлга қўйиш мақсадида ҳамкорлик қилиш ҳақида таклифларни билдирди. Қизғин давом этган музокара ва суҳбатдан сўнг томонлар икки олий таълим муассасалари ўртасида меморандум ва шартномалар имзоланиши ҳақидаги таклифларни қўллаб-қувватлашди.

Шу куннинг ўзида Ренессанс таълим университети профессор-ўқитувчилари Университетнинг Филология йўналиши 1-2-курс талабаларига маърузалар ўқишди. “Филология” кафедраси мудири, ф.ф.д., профессор М.Турдибеков, “Филология” кафедраси профессори ф.ф.д. Л.Раупова, “Филология” кафедраси профессори ф.ф.д. И.Исломов ва “Хорижий филология” кафедраси катта ўқитувчиси Д.Хакимовалар томонидан ўтилган дарс машғулотларини талабалар қизиқиб тинглашди, мавзулар юзасидан қизғин баҳс-мунозара, савол-жавоблар бўлиб ўтди. Ташрифнинг иккинчи кунида университетнинг Тил ва адабиёт кафедраси ва Хорижий тиллар кафедралари фаолияти билан яқиндан танишилди. Мазкур кафедралар билан келгусида ҳамкорликда дарслик, ўқув қўлланма, монографиялар яратиш, халқаро анжуманлар ўтказиш масалалари ўзаро келишиб олинди.

2024-йилнинг 9-апрел куни икки олий ўқув юрти ўртасида меморандум ҳамда ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Шунингдек, жорий йилнинг 9-апрел куни Мухтар Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон университетига ҳам ташриф буюрилди. Мухтор Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети ва Ренессанс таълим университети ўзаро илмий, ўқув, методик фаолият йўналишлари доирасида меморандум ҳамда ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Илмий-педагогик, ўқув жараёни бўйича иккала томон профессор-ўқитувчилари ўртасида мақсадли, амалий фаолиятни амалга ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар маъқулланди.

ЎзА