Пойтахтимиздаги «Ренессанс» кино уйида Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси томонидан таъсис этилган “Ренессанс” миллий мукофотига муносиб бўлган ижодий жамоаларни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирга мамлакатимизнинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари, турли ташкилот ва идораларнинг мутасаддилари, профессор-ўқитувчилар, журналистика йўналишида таҳсил олаётган талаба-ёшлар таклиф этилди.
Президентимиз томонидан барча турдаги оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, нодавлат оммавий ахборот воситалари ривожига ҳам катта эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларини холис ва ҳаққоний, тезкор, чуқур таҳлилий ва ижодий ёндашув асосида ёритишда нодавлат медиа тузилмалар ҳам фаол ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси томонидан таъсис этилган “Ренессанс” миллий мукофоти йил давомида энг юқори натижаларга эришган, соҳадаги фаолияти билан жамоатчилик ишончини қозонган оммавий ахборот воситалари, ижодий жамоалар, медиа лойиҳаларни рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли.
[gallery-26676]
Айтиш керакки, бу борадаги барча эзгу саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 июндаги тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган.
Миллий мукофотнинг бош мақсади журналистика соҳасини фаол қўллаб-қувватлаш, бирлашмага аъзо теле ва радиоканалларнинг тезкор, холис ва ҳаққоний, сифатли ахборот етказиш ҳамда бетакрор ижодий медиа контентлар тақдим этиш фаолиятини рағбатлантиришдан иборат.
– Бугун жамият ҳаётининг барча жабҳаларида янгиланиш жараёнлари яққол кўзга ташланмоқда, - деди Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси бошқаруви раиси, профессор Шерзодхон Қудратхўжа. – Бу жараёнга оммавий ахборот воситалари ҳам фаол ҳисса қўшмоқда. “Ренессанс” мукофотидан кўзланган мақсад ҳам бу борада фаоллик кўрсатаётган оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Жорий йилнинг 27 октябрь куни старт берилган “Ренессанс” миллий мукофоти учун кўплаб номинацияларда теле ва радиоканаллар ҳамда медиа лойиҳалар ижодий рақобатга киришди.
Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмасига миллий мукофот учун юздан ортиқ номзодлардан аризалар қабул қилинган бўлиб, ғолиблар икки босқичли баҳолаш тизими орқали аниқланди.
Биринчи босқичда номзодлар халқимиз эътибори ва эътирофидаги профессионал экспертлар кенгаши томонидан саралаб олинган бўлса, иккинчи босқичда юқори балларни тўплаган теле ва радиоканаллар ҳамда медиа лойиҳалар халқ овозига қўйилди.
Энг кўп овоз тўплаган номзодлар “Ренессанс” миллий мукофоти тақдирлаш маросимида эълон қилинди.
– Радиоканалимизда сиёсий-ижтимоий, иқтисодий, маданий, маънавий-маърифий мавзулардаги эшиттиришларни мухлисларга тақдим этиб келмоқдамиз, - деди “ORIAT Dono” радиоси бошловчиси, “Дўстлик” ордени соҳиби Баҳодир Маъдиев. – Ушбу танловда “Буюк алломалар” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритдик. Бу бизга янада кўпроқ изланиб, ижод қилиш учун ўзига хос рағбатдир.
Тантанали тадбирда миллий мукофот доирасида халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг ваколатхоналари билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар хусусида ҳам батафсил сўз юритилди. Хорижий муассасалар билан самарали фаолият олиб борган теле ва радиоканаллар ҳамда медиа лойиҳалар махсус номинациялар доирасида тақдирланди.
Умуман олганда, тантанали тадбирда 14 та асосий номинация, 10 та махсус номинация бўйича ғолиблар аниқланди.
“Ренессанс” миллий мукофоти ўзбек оммавий ахборот воситалари тараққиётига ҳисса қўшаётган фидойиларни эътироф этиш орқали мамлакатимизда юксак маънавий ва профессионал мезонларни мустаҳкамлашда давом этади.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА мухбирлари