Самарқандда ўтказилган Ўзбекистон – Қирғизистон ректорларининг II форуми якунланди.
Икки кунлик форумда Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Қирғизистон таълим ва фан вазири Догдуркул Кендирбаева, шунингдек икки давлатнинг 60 дан зиёд олий ўқув юртлари раҳбарлари, вазирлик, идоралар масъуллари қатнашди.
Ўзаро фикр алмашув ва музокаралар якунида икки мамлакат олий таълим муассасалари ректорлари томонидан профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинуви, ўзаро ўқув жараёнларини ташкил қилиш, таълим сифатини ошириш, малака ошириш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш йўналишларида ўзаро алоқаларни кенгайтириш юзасидан 30 га яқин англашув меморандуми, битим ва йўл хариталари имзоланди.
[gallery-18303]
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон олий таълим муассасалари ректорларининг II форуми резолюцияси қабул қилинди. Жумладан, Самарқанд давлат университети Қирғизистон давлат техника университети билан ҳамкорликни йўлга қўйган бўлса, Самарқанд давлат тиббиёт университети Қирғизистон давлат тиббиёт академияси ҳамда Адам университети билан ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Бугун форум иштирокчилари Самарқанд давлат университети ва Самарқанд давлат тиббиёт университетларига ташриф буюриб, муассасаларда яратилган шароитлар, ўқув дастурлари ҳамда талабалар томонидан амалга оширилаётган илмий изланишлар билан яқиндан танишдилар.
– Биринчи форум бизнинг университетимизда ўтказилган ва илк учрашувимизданоқ юқори натижаларга эришган эдик, – дейди Қирғиз-Ўзбек халқаро университети маслаҳат кенгаши аъзоси Чотқолбой Райимбоев. – Самарқанддаги II форум ҳам кутганимиздан кўра самарали бўлади, деб ўйлайман. Чунки, давлат раҳбарларимизнинг оқилона сиёсати натижасида ўзаро яқинлик кун сайин яхшиланмоқда. Мазкур форум ҳам Қирғиз Республикаси Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи арафасида ўтаётгани билан аҳамиятлидир. Университетимизда ўзбекистонлик талабалар, юртимиздаги ўзбекларнинг етарли таълим олишлари учун барча шароитлар яратилган. Ўзбек маданияти, тили тарғиботи учун университетимизда марказ ташкил қилинган. Биз бу жараёнларни янада жонлантириш борасида лойиҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Самарқанддаги форум доирасида эришилган келишувларимиз олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади. Бугун Самарқанддаги олий ўқув юртларида бўлиб, уларнинг шарт-шароити, ўқув дастурлари билан танишиб, уларнинг кескин ривожланиш босқичида эканлигига амин бўлдик. Биз олий таълимни ривожлантиришда ғарб билан эмас, балки таълим-тарбия жараёни бир бирига яқин, ёндош, қондош мамлакатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйсак ҳар жиҳатдан фойдали бўлади.
Форум иштирокчилари Самарқанддаги муқаддас қадамжолар ва тарихий обидаларни ҳам зиёрат қилди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари