Фарғона давлат университетида мунтазам равишда “Ректор ва ёшлар” учрашувлари ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирларда университет ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов, раҳбарият аъзолари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этмоқда.
Учрашувларда талабаларнинг таълим жараёни, илм-фанга бўлган қизиқишлари, тураржой билан таъминланиши, бўш вақтини самарали ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинади. Шунингдек, спорт ва маданият соҳаларидаги фаолият, тўгараклар ва турли маданий-маърифий тадбирларда иштирок этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилади.


Навбатдаги шундай учрашувда ректор талабалар билан самимий мулоқот олиб бориб, уларни яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланишга, илмий ва ижодий лойиҳаларда фаол қатнашишга, хорижий тилларни чуқур ўрганиш ҳамда касбий маҳоратини оширишга чақирди. Шу билан бирга, талабаларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланиши, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун барча шароит яратилаётгани таъкидланди.


Учрашув доирасида ректор талабалар тураржойлари билан танишиб, улардаги мавжуд имкониятлар, яратилган қулайликларни ҳам кўздан кечирди. Суҳбатда талабаларнинг кутубхона, ўқув хоналари, тўгараклар ва маданий-маърифий тадбирлардан фойдаланиш имкониятлари хусусида атрофлича ахборот берилди.

Шунингдек, ректор ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг қизиқишларини рўёбга чиқариш, ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. У ўз нутқида талабалар фақатгина илм-фан соҳасида эмас, балки маънавий жиҳатдан ҳам етук ва баркамол шахс бўлиб улғайишлари зарурлигини таъкидлади.
Нилуфар Бозорова,
ЎзА