Бугунги глобаллашаётган, сиёсий, маънавий хатарлар ортиб бораётган даврда ёшлар тарбиясига эътибор қаратиш, уларни ҳар жиҳатдан салоҳиятли инсонлар этиб камолга етказиш мамлакатимизда устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ўтказилган “Ректор ва талаба-ёшлар учрашуви”да ушбу масала муҳокама қилинди.
Мулоқот аввалида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Ҳамма эшикларни очадиган калит ҳам – фақат ва фақат таълим ва тарбиядир”, деган ташаббуслари бугун қанчалик долзарб аҳамиятга эгалигини халқаро майдонда рўй бераётган воқеликлар кўрсатиб тургани, ёшлар онгини заҳарлашга қаратилган диний радикализм, интернетга қарамлик, турли таваккалчиликка асосланган ўйинларнинг салбий оқибатлари ҳақида муҳим тушунтиришлар берилди.

Университет ректори Рашид Маткаримов юртимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ҳамда ушбу жараёнларда баркамол авлод вакилларининг фаол иштироки ва эришаётган ютуқлари хусусида атрофлича сўз юритди.
Учрашувда мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, инсон қадри ва унинг жамиятдаги ўрни тўғрисидаги таъсирчан видеоролик намойиш этилди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда талаба-ёшларни қийнаётган масалалар тингланди. Билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, мутасаддиларга аниқ вазифалар белгиланди. Бундай учрашувларни мунтазам ташкил этиш бўйича келишиб олинди.

Суҳбат якунида “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда” тамойили мамлакатимиз тараққиётининг, халқимиз фаровонлигининг асоси эканлиги таъкидланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА