Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ректор талабалар билан учрашди
13:18 / 2024-10-19

Андижон давлат чет тиллари институтида “Ректор ва ёшлар учрашуви” тадбири бўлиб ўтди.

Институт ректори, профессор Дилшодбек Рустамов талабалар билан учрашиб, мулоқот ўтказди.

Мулоқотда ректор Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, ўқитишни халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш, малакали мутахассислар тайёрлаш, талаба ёшларнинг ўқиши, яшаши, илмий тадқиқотлар олиб бориши, ўз иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқаришлари, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун барча шароитлар яратиб берилаётганлиги ҳамда таълим тизимидаги ислоҳотлар самаралари ҳақида гапирди.  

Шунингдек, институтнинг фаолияти, мавжуд имкониятлар, ютуқ ва муаммоларга тўхталди.  

[gallery-19841]

– Институтимизнинг салоҳият ва имкониятлари йилдан-йилга ортиб бормоқда, – дейди Дилшодбек Рустамов. – Айни кунда институтдаги мавжуд учта факультетда 20 та таълим йўналиши бўйича 3 минг 200 нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг ўқиши, яшаши, малакали мутахассис бўлиб етишиши учун зарур барча шароитлар яратилган. Жумладан, 1 минг 120 ўринли иккита талабалар ётоқхонаси, замонавий ахборот-ресурс маркази, спорт зали, барча қулайликларга эга аудиториялар талабалар ихтиёрида.  

Бундан ташқари, институтимизда илғор хорижий тажрибалар асосида ўқув ишлари самарадорлигини ошириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Россия, Корея, Англия, АҚШ сингари қатор ривожланган давлатлардаги олий ўқув юртлари билан яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.  

Мулоқот давомида талабалар институт ректорига ўқув жараёнларини яхшилаш ва бошқа турли масалалар бўйича ўзларининг таклиф ва ташаббусларини билдирди. Билдирилган таклифларнинг бир қисми шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. Айрим таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.  

Учрашувда талаба Муҳаммадқодир Абдуҳолиқов институт радиосини ташкил этиш бўйича таклиф билдирди. Ректор томонидан ушбу таклиф қўллаб-қувватланди.  

Талаба Султонмурод Мамасолиевнинг мустақил таълим шаклида илғор хорижий таълим методларини ўрганиш имкониятини яратиш бўйича таклифи ҳам маъқулланди. Бу борада институтда яқин кунларда зарур ишлар амалга оширилиши айтилди.  

– Талабалар ётоқхонасида “Пазандалик” тўгараги ташкил этилса, яхши бўлар эди, – дейди талаба Гулбаҳор Абдураимова. – Биз талаба қизлар ўқишдан бўш вақтларимизда турли пишириқлар тайёрлашни пухта ўрганиб олар эдик. Бу келгуси ҳаётимизда ҳам асқатар эди.  

Ушбу таклиф, шунингдек, талабалар томонидан Талабалар ётоқхонасида “Тикувчилик” тўгарагини очиш, Стол тенниси ўрнатиш бўйича таклифлари инобатга олиниб, шу куннинг ўзидаёқ талабалар ётоқхонасига пишириқ тайёрлаш учун “духовка”лар, тикув машиналари, стол тенниси столи олиб келиниб талабаларга топширилди.  

Самимий руҳда ўтган учрашувда ректор талабаларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб қайтарди.  

Якунда ректор талабаларни яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб,  пухта билим олишга, фаол ва ташаббускор бўлишга, келгусида юртимиз равнақига муносиб хизмат қиладиган малакали мутахассис бўлиб етишишга чақирди.  

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат),

ЎзА мухбирлари.