Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ректор ўзи ўқиган мактабдаги “Сўнгги қўнғироқ”да қатнашди
19:28 / 2022-05-25

Мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида ўқув йили поёнига етиб, “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Эртамиз эгалари мустақил ҳаётга қадам қўймоқда.

Наманган давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Собитхон Турғунов ўзи таълим олган - Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги 3-сонли умумтаълим мактабига бориб, ўқувчиларнинг ҳаяжонли ва унутилмас дамларида бирга бўлди.

Мактабнинг нафақат туман, балки вилоятда ҳам ўзига хос ўрни ва нуфузи бор. Бу ерда 58 нафар тажрибали, юксак салоҳиятли педагог фаолият юритаётир. Мактабни жорий ўқув йилида тугатаётган 59 нафар ўқувчидан устозларининг умиди катта.

Байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Президентининг мактабларни битирувчи ўғил-қизларга табриги ўқиб эшиттирилди.

- Мамлакатимиз таълим тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, таълимнинг ҳар бир босқичида узвий ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда, - дейди НамДУ ректори Собитхон Турғунов. - Айниқса, олий таълим тизимига қамровнинг ортиб бораётгани, ёшлар, хусусан, қизларнинг олий маълумотли бўлиши учун имтиёз ва имкониятлар яратилаётгани эътиборга молик. Наманган давлат университетига молиявий мустақиллик берилди, қабул квоталари ошиб бормоқда, сўнгги йилларда факультетлар сони 9 тадан 16 тага ортган ва бу битирувчилар учун катта имконият.

Эслатиб ўтамиз, Наманган вилоятидаги 681 та умумтаълим мактабининг 11-синфини 29 минг 986 нафар ўқувчи битириб, мустақил ҳаётга қадам қўймоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА