Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ректор маҳалла ёшлари билан учрашди
16:29 / 2024-04-08

Давлатимиз раҳбари 2023 йил 11 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида адашган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни тарбиялаш, тўғри йўлга қайтариш, касбга ўргатиш, ўқитиш ва иш билан таъминлаш мақсадида бундай ёшларни вазирликлар тизимидаги обрў-эътиборли, бой ҳаётий тажрибага эга раҳбарларга бириктириш анъанасини жорий этишни таклиф қилганди.

Шунга кўра, ҳар бир маҳаллага бириктирилган раҳбарларга жойлардаги ҳолатни тўлақонли аниқлаш мақсадида хонадонма-хонадон ўрганиш, ёшлар ўртасидаги муаммоларни аниқлаш, уларга тезда ечим топиш вазифаси юклатилганди.

Шаҳрисабз давлат педагогика институти ректори в.в.б. Жамшид Шоназаров ўзига бириктирилган Шаҳрисабз шаҳри Қорасув маҳалласи ҳудудидаги давлатнинг алоҳида кўмагига муҳтож оғир тоифадаги 14 нафар ёшнинг ҳолидан хабар олди. Учрашув давомида ректор ёшлар билан суҳбатлашди, уларнинг муаммоларини тинглади. 

Ректор ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг илм-фан, техника, санъат, маданият, спорт, касбга ўргатиш ва бошқа йўналишларда юртимиздаги бошқа ёшлар қатори ўз ўрнини топишида уларга амалий ёрдам беришга тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди.

Масъуллар иштирокида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, мазкур тоифадаги ёшларнинг қизиқиши ва уларнинг муаммоларини ўрганиб, уларга босқичма-босқич кўмак беришга келишиб олинди.  

Институт ректорининг маҳалла ёшлари билан учрашувлари давом этмоқда.  

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири