Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ректор билан очиқ мулоқот
15:28 / 2026-01-21

Бухоро давлат университетида ёшлар билан ишлаш, уларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил сиёсат доирасида Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ташаббуси билан ташкил этилган “Coffee time” лойиҳаси доирасида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Учрашувда Бухоро давлат университети ректори, профессор Обиджон Ҳамидов бошчилигидаги университет раҳбарияти, фаол ва ташаббускор талаба-ёшлар иштирок этди.

Учрашув БухДУ бош биносида жойлашган Франциянинг машҳур Вател туризм ва бизнес олий мактаби кафесида бўлиб ўтди. Ушбу муҳит талабаларга ўз фикрларини эркин билдириш, раҳбарият билан бевосита ва очиқ мулоқот қилиш имконини яратди ҳамда ўзаро ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Учрашув давомида талабалар томонидан университет ҳаётини янада ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим ташаббус ва таклифлар илгари сурилди. Хусусан, эко-патруль волонтёрлари фаолиятини янада такомиллаштириш, талабалар бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида рақс ва доирачилик тўгаракларини йўлга қўйиш, волонтёрлар томонидан мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида экология йўналишида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, юриспруденция йўналиши талабалари учун амалий машғулотлар улушини ошириш каби таклифлар муҳокама марказида бўлди.

Ректор Обиджон Ҳамидов университет ҳудуди тамаки маҳсулотларидан ҳоли ҳудуд эканини таъкидлаб, ушбу талабни барча талабаларга етказиш зарурлигини қайд этди. Университет ҳудудини тоза, яшил ва экологик барқарор маконга айлантириш экофаол талабаларнинг бош мақсади экани алоҳида таъкидланди.

Мазкур мақсадларни амалга ошириш доирасида электромобиллардан фойдаланишни тарғиб қилиш, университет иссиқхонасида етиштирилаётган гулларни атроф-муҳитни ободонлаштиришга йўналтириш, энергия тежамкорлигини таъминлаш бўйича рейдлар ўтказиш, аудиторияларда мақсадсиз ишлаётган чироқларни ўчириш, “Бир кун пластик буюмларсиз” акциясини ташкил этиш ҳамда “Эко-гид” лойиҳасини жорий этиш каби таклифлар билдирилди.

Мазкур “Coffee time” учрашуви Бухоро давлат университетида ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, экологик масъулиятни кучайтириш ҳамда талаба-ёшлар ва раҳбарият ўртасида очиқ, самарали ва ишончли мулоқот муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим платформа сифатида эътироф этилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.