Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Реклама талабларини бузганлар жазодан четда қолмайди
11:39 / 2025-06-25

Реклама бозор иқтисодиётида ишонч, рақобат ва фуқароларни хабардор қилишнинг асосий воситасидир. Унинг мазмуни ва шакли белгиланган қонун-қоидаларга мувофиқ бўлиши шарт.

Ўзбекистонда бу борада кузатилаётган айрим муаммолар, хусусан, нотўғри маълумот бериш, истеъмолчиларни чалғитиш ва ахлоқ нормаларига зид  шакллардан фойдаланиш ҳолатлари аҳолининг ҳуқуқий муҳофазасини талаб қилади.

10 та тадбиркорлик субъекти ва 16 нафар масъул шахсга нисбатан кўрилган чоралар тизимли назоратнинг мавжудлигини ва қонун устуворлигига бўлган талабнинг ортганини кўрсатади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, қонунбузарларга нисбатан кўрилган чоралар бошқа тадбиркорлар учун ҳам сабоқ бўлади.  

 

Шу боис Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида жойлаштирилган реклама материалларининг Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни талабларига мослиги юзасидан тизимли равишда ўрганиш ва таҳлил ишлари амалга ошириб келинмоқда. 

Фарғона вилоятида ўтказилган жами 990 га яқин мониторинг ишлари давомида ўзбошимчалик билан ўрнатилган ташқи реклама воситалари юзасидан тадбиркорлик субъектларига тушунтириш олиб борилди. Шундан 390 та қонун бузилиш ҳолати жойида бартараф этилди, 120 тасига тегишли қонун талабларига мослиги юзасидан хулосалар берилди.  

Мисол учун, Фарғона шаҳрида жойлашган “Vodiy darxon trans” МЧЖ ҳамда “Zikr Media” МЧЖлар томонидан “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддаси, “Mo’jiza Honeymoon” МЧЖ томонидан “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 35-моддаси, “Vodiy Siddiq Travel” МЧЖ томонидан эса мазкур қонуннинг 17-моддаси талаблари бузилиш ҳолатлари аниқланди.  Ушбу жамиятларга нисбатан тегишли тартибда иш қўзғатилиб, молиявий жарима қўлланилди. Мавжуд қонун талаблари бузилишига йўл қўйган 16 нафар масъул мансабдор шахсга нисбатан МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суд органларига юборилди.

Шунингдек, Тошкент, Сурхондарё, Навоий вилояти ҳудудий бошқармалари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида ҳам бир қанча камчиликлар аниқланиб, реклама қонунчилиги талабларини бузган  тадбиркорларга чоралар кўрилди. Айрим масъулияти чекланган жамиятларга нисбатан эса молиявий санкция қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.  

Нотўғри ёки одамларни чалғитувчи реклама нафақат ишончни йўқотади, балки жавобгарликка ҳам олиб келади. Шу боис фақат ҳалол ва қонуний реклама билангина олға силжиш мумкин.

Н.Раҳмонова, ЎзА