Реклама соҳасида давлат тилига муносабатни ўзгартириш керак
Бугунги кунда медиамаконда омма онгини энг кўп “банд қилаётган” унсур бу – реклама.
Бугунги кунда медиамаконда омма онгини энг кўп “банд қилаётган” унсур бу – реклама. Шу сабаб, жаҳон тажрибасида реклама “ҳамёнбоп ахборот” саналади.
Манбаларни титиб, бир қизиқ фактга рўбарў келдим. Аслида, реклама узоқ ўтмишдан одамзотга ҳамроҳ экан. Яъни, ҳали пул ўйлаб топилмаган замонларда, масалан, айирбошлаш бозори (бартер) давридан. Бозорда кимдир эчки олиш учун эски ов қуролини роса мақтаган бўлса, яна кимдир айиқ терисига бировни қизиқтириб, болтага алмашган. Ҳатто бундай ишни ўзига касб қилиб, фойдаланган одамлар пайдо бўлган. Худди ҳозирги замон тилида “промоутер” ёки “даллол” каби. Хуллас, ўша даврдаёқ одам ўзи англамаган ҳолда “оғзаки реклама”га асос солган.
Бизнинг замонамизда рекламанинг шакллари кўпайди: ташқи реклама, брендлар орқали, ОАВ, ижтимоий тармоқлар ёки интернет-реклама, шунингдек, транспортда, электрон таблода ва ҳ.к. Ҳатто, истеъмолга SMS, чат-бот, промокод, QR-код, голографик-реклама сингари инновацион усуллар ҳам кириб кела бошлади. Эндиликда, дунё “рақамлашган реклама” сари янги қадамни ташламоқда.
Ҳозирда рекламанинг энг оммалашган усули интернет орқали экани сир эмас. Forrester Research халқаро таҳлил ва тадқиқот агентлиги маълумотига кўра, реклама бозорида ўта жиддий ўсиш кузатилмоқда. Яъни, жаҳон реклама бозори айланмасида интернетнинг улуши ҳар ойда 5-7 миллиард АҚШ долларини (42 фоиз) ташкил қиляпти. 2019 йилда интернет-реклама улуши ($332 млрд.) ТВ-реклама ($192 млрд.) улушидан қарийб икки каррага кўпайиб кетди. Албатта, дунё аҳолисининг 4,5 миллиард нафари интернет-фойдаланувчиси сифатида ва 3,8 миллиард нафарга яқини ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сифатида ана шу реклама бозорининг иштирокчилари ҳисобланиши мумкинлиги юқоридаги йирик суммалар айланишини исботлаб турибди.
Реклама қонунчилиги бўйича жаҳон тажрибаси қуйидагича. 1987 йилда Халқаро савдо палатаси томонидан қабул қилинган “Халқаро реклама Кодекси” бу соҳани қонунийлаштиришга туртки бўлган. Халқаро ҳужжатнинг бош қоидаси “ҳар қандай реклама мурожаати одобли, ҳаққоний ва ишончли бўлиши”ни талаб қилади. Унга кўра, “реклама жамият олдида масъулият ҳисси билан ва адолатли рақобат тамойилларига жавоб берган ҳолда яратилиши керак, рекламага бўлган ишончни йўқотмаслиги керак”.
Шундай қилиб, ўтган асрнинг 90-йиллари Испания, Франция, Германия каби қатор ривожланган давлатлар учун рекламани қонунчилик билан тартибга солиш даври бўлди. Булар ичида Испания 1988 йилда 5 та мустақил кодексни ўз ичига олувчи “Реклама тўғрисида умумий қонун”ни қабул қилган. Италия, Бельгия, Австрия каби Европа мамлакатларида эса рекламани тартибга солувчи яхлит қонун ҳужжатлари йўқ, яъни, рекламага оид баъзи муҳим қоидалар бошқа қонун ҳужжатининг ёки қайси бир кодекснинг алоҳида бўлим ёки тегишли моддаларида акс этган.
Бу борада МДҲ давлатлари тажрибасини эса бироз такомиллашган дейиш мумкин. Россия Федерацияси 1995 йилда, Қирғизистон 1998 йилда, Қозоғистон 2003 йилда ва Туркманистон 2016 йилда реклама соҳасини тартибга солувчи алоҳида қонун ҳужжатини амалга киритган. Ўтган йиллар давомида уларда 9 дан 18 мартагача ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганини кузатиш мумкин.
Ўзбекистонда 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган ва жами 30 моддадан иборат бўлган “Реклама тўғрисида”ги қонун амал қилади.
Бир қарашда реклама соҳасига оид қонунимиз ишлаб турибди. Лекин, бугунги тажриба ва талабдан келиб чиқилса, ушбу қонунни замонавий қарашлар кенгроқ акс этган зарур қоидалар билан тўлдириш ва тўлиқ такомиллаштириш лозимлиги кўринади.
Ушбу қонун ҳужжатида халқ ва давлат манфаатларига, иқтисодий ва миллий ривожланишнинг асосий тамойилларига дахлдор баъзи муҳим ва долзарб масалалар акс этиши керак.
Жумладан, қонуннинг 5-моддасидаги қоидалар бугунга келиб рекламанинг давлат тили билан боғлиқлиги даражаси ўта аҳамиятсиз ўринда қолиб кетмоқда. Биринчи навбатда, қонуннинг реклама маҳсулотларини тайёрлаш ва тарқатиш соҳасига оид нормаларни Давлат тилига доир тегишли қонун ҳужжатлари талабларига мослаштириш лозим. Чунки реклама маҳсулотлари бозори бўйича Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан ўтказилган қатор мониторинг ва кузатув тадбирлари натижалари реклама соҳасида ўзбек тилига нисбатан ҳурмат муносабати ҳисобга олинмаётганини кўрсатди.
Иккинчидан, инсон учун ҳаётда биринчи масала бу саломатликдир. Инсонлар, айниқса, ёшлар соғлигига дахлдор ҳолатлар, хусусан, реклама соҳасидаги хизмат ва маҳсулотларнинг одам саломатлигига таъсир кўрсатишини мутлақ чекловчи алоҳида ва аниқ қоидалар ифода этилмаган. Бутун бошли қонун ҳужжатининг бирон моддасида “саломатлик” сўзи умуман қайд этилмагани ҳам масалага қанчалик эътибор қилиш лозимлигини кўрсатади.
Бундан ташқари, фуқаролик жамиятининг қонунчилик замонавий таомилларидан келиб чиқиб, ижтимоий рекламалар таснифи қонунда атрофлича очиб берилмагани ҳолда масалага мантиқан эскича ёндашув сақланиб турибди. Хусусан, ҳозирда дунё ҳамжамияти давлатчилигида кенг фойдаланилаётган соғлом турмуш маданияти, ҳуқуқий саводхонлик ва қонунга итоаткорлик каби мавзулардаги, меҳр-шафқат ва ҳомийлик йўналишидаги, шунингдек, фавқулодда ҳолатларда ва умумдавлат манфаатига тааллуқли бўлган манзилли реклама шаклларини тарқатилишига доир зарур имтиёзлар ёки тегишли талаблар аниқ акс этмаган.
Замонавий тажрибадан келиб чиқсак, қонун ҳужжати муҳокамасида эътибор марказида туриши лозим бўлган яна бир асосий жиҳат бор. Бу, иқтисодиётнинг зарур манбаларини ҳисобга олган ҳолдаги реклама мониторинги ва реклама индустрияси масалалари билан шуғулланувчи, айниқса, ҳудудларда реклама соҳасида хизмат кўрсатиш сифати ва даражасини оширишга кўмаклашувчи асосий ташаббускор ва масъул органни белгилаш масаласи. Бу борада жамоатчилик ва мутахассислар фикрини ўрганиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Умуман олганда, ҳар қандай қонун ҳужжатини такомиллаштириш замирида халқимизнинг ва ўша қонун билан ҳимояга олинадиган соҳа субъектларининг манфаати ётади. Депутатдан эса, ана шу манфаатни кўпчилик ўртасида ҳимоя қилиш талаб этилади. Чунки, Президентимиз айтганидек: “Ҳар қандай қонуннинг кўзи ва оёғи бўлсин, чунки у ишлаши керак!”.
Куни кеча Олий Мажлиснинг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан онлайн мажлис ўтказилди. Унда “Реклама тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш, бугунги замон талабига мос ҳужжат даражасига олиб чиқиш масаласини масофадан туриб қизғин муҳокама қилдик.
Тўғри, фақат бир-икки депутатнинг ташаббуси ёки шахсий изланишлари натижаси билан бутун бир қонун такомиллашиб кетмаслиги мумкин (лекин бу амалиётда учраб туради). Бунда биз – депутатларга жамоатчилик ва ижтимоий фаол қатламнинг фикри ҳам ёрдам беради.
Шундай экан, Сиз нима деб ўйлайсиз: реклама бўйича яна қандай қоидалар жорий қилишимиз керак?
Умиджон Жабборов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати