Рекламага оид қонунчилик ҳам энг кўп қўлланиладиган, энг кўп мурожаат қилинадиган, шу билан бирга, тез-тез ўзгариш ва қўшимчалар киритишга эҳтиёж туғиладиган ҳуқуқий ҳужжатлар сирасига киради. Масалан, амалдаги «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган бўлиб, унга бугунги кунга қадар 16 маротаба ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Реклама соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, истеъмолчиларни нотўғри рекламадан ҳимоя қилиш, реклама бозори иштирокчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида шу йилнинг 7 июнида янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди.
8 та боб ва 53 моддадан иборат янги таҳрирдаги мазкур қонунда рекламани тайёрлаш, жойлаштириш ва тарқатиш соҳасида бир қатор талаблар белгиланган.
Мазкур қонуннинг аҳамияти, унда белгиланган меъёрлар хусусида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Умид Жабборовнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.
— Ахборот сиёсати кескин ривожланиб бораётган бугунги даврда реклама фаолиятини тартибга солиш, истеъмолчиларни нотўғри рекламадан ҳимоя қилиш, реклама соҳасидаги тартиб-қоида ва талабларни белгилаш муҳим масалалардандир, — дейди депутат Умид Жабборов. — Шу боис «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни янги таҳрирда бугунги давр талабларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилиб, қабул қилинди. Мазкур қонун жорий йилнинг 8 сентябрь куни қонуний кучга киради.
Янги таҳрирдаги қонунда рекламани тайёрлаш, жойлаштириш ва тарқатиш соҳасида бир қатор талаблар белгиланган. Жумладан, қонуннинг 6-моддасида белгиланган талабга кўра, Ўзбекистон ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилади. Қонун кучга кириши билан мамлакатимиздаги барча рекламалар, шу жумладан, ташқи рекламалар давлат тилида тақдим этилиши шарт. Бироқ ушбу норма реклама берувчиларга бундай реклама ахборотларининг таржималарини ва тақдимотларини бошқа тилларда эълон қилишларига тақиқ қўймайди. Бундан ташқари, рекламанинг тилига бўлган талаблар фақатгина чет тилларда фаолият юритаётган ОАВ, нашриёт маҳсулотлари, Интернет тармоғидаги ахборот ресурсларига нисбатан татбиқ этилмайди. Товар белгилари (хизмат белгилари) ва логотипларга ўзгартиришлар киритишга ҳожат йўқ.
Реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги, таржима матни давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонталь ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг 40 фоизидан ошмаслиги, таржима матни ҳарфининг ўлчами давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши кераклиги қонунда ўз ифодасини топган.
Реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун ҳам чоралар белгиланган. Жумладан, ишлаб чиқарилиши, реализация қилиниши ёки реклама қилиниши қонунан тақиқланган ёки чекланган маҳсулот тўғрисида реклама тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, номақбул реклама берганлик, аксилрекламани беришни рад этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 баравари, энергетик ичимликлар, алкоголли ичимликлар, тамаки маҳсулотларини ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламалари, пиротехника воситалари, қурол ва унинг ўқ-дорилари, ҳарбий мақсаддаги маҳсулотлар рекламасига доир талабларни бузганлик ҳамда ташқи реклама ва ахборотни жойлаштириш тартибини бузганлик учун БҲМнинг 50 баравари миқдорида жарима солинади. Вояга етмаганлар учун мўлжалланган рекламага, дори воситалари, биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари, шунингдек, болалар озиқ-овқат маҳсулотлари рекламасига доир талабларни бузганлик учун эса БҲМнинг 30 баравари миқдорида жарима солиниши белгиланган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, айрим ижтимоий тармоқларда «Реклама тўғрисида»ги қонун мазмун-моҳияти тарғиб қилинмаяпти, дея шов-шув қилинмоқда. Аммо бундай гап-сўзлар ўринли эмас. Қонун лойиҳаси тарғиботи аллақачон бошлаган. Бу бўйича тегишли идоралар билан ҳамкорликда амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Тадбиркорлар ўртасида ҳам тарғибот ишлари бошланган. Фақат олиб борилаётган ишлар етарли даражада ёритилмаётган бўлиши мумкин.
Умуман олганда, мазкур қонун кучга кириши билан реклама соҳасидаги муносабатлар тартибга солиниб, қатор масалалар ўз ечимини топади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА