Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Реклама қонунчилигини бузган қурилиш компанияси жаримага тортилди
12:18 / 2026-03-06

Бугунги кунда уй-жой бозорида реклама орқали турли қурилиш лойиҳалари таклиф этилаётгани кузатилмоқда. Бироқ ҳар қандай реклама ортида қонун талабларига риоя этилиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинган бўлиши муҳим. Шу боис қурилиш соҳасидаги реклама фаолияти ҳам амалдаги қонунчилик асосида назорат қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 майдаги қарори билан тасдиқланган “Кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида”ги низомга мувофиқ, улуш киритиш асосида қурилиш учун маблағ жалб этувчи қурувчилар махсус электрон рўйхатдан ўтган бўлиши шарт. Ушбу рўйхатга киритилмаган ҳолда қурилиш объектларини реклама қилиш қонун билан тақиқланади.

Шу мақсадда Рақобат қўмитаси томонидан қарор ижросини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан доимий ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Ўрганишлар давомида “Glamur Gold” МЧЖ томонидан қурилаётган турар-жой мажмуалари электрон рўйхатга киритилмаган ҳолда ижтимоий тармоқлар орқали реклама қилинаётгани аниқланди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай ҳолатлар фуқаролар учун молиявий хавфларни келтириб чиқариши мумкин. Чунки расмий рўйхатга киритилмаган объектлар бўйича қурилиш жараёни, маблағлар сарфи ва улушдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари тўлиқ кафолатланмайди.

Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни 16-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонун билан тақиқланган, шунингдек тегишли лицензия, сертификат ёки махсус рухсатномаларга эга бўлмаган товар ва хизматларни реклама қилишга йўл қўйилмайди.

Юқоридагиларга асосан, Қўмита Махсус комиссияси томонидан “Glamur Gold” МЧЖ қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган деб топилиб, унга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Нигора Раҳмонова, ЎзА