Бугунги кунда юртимизда тиббиёт соҳасидаги трансформация жараёнлари янги босқичга кўтарилмоқда. Буни амалиётга татбиқ этилаётган Реимбурсация дастури мисолида ҳам кўриш мумкин. Унга кўра сурункали касалликларга чалинган беморларга бепул дори-дармонлар берилади.
Дори-дармонларни бериш тартиби, рембурсация дастури ҳақида тўлақонли маълумотга эга бўлиш учун Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси етакчи мутахассиси Раҳат Эрниязов билан суҳбатлашдик.
- Аввало рембурсация дастури деганида нимани тушунамиз ва у юртимизда қачондан бошлаб қўлланила бошлади?
- Реимбурсация, яъни “харажатларни қоплаш” маъносини англатадиган бу тизим 2022 — 2024 йиллар давомида Сирдарё вилоятида тажриба-синовдан ўтказилди. Дастлабки пайтда эса Сирдарё вилояти билан бирга Тошкент шаҳрида ҳам амалиётга татбиқ этилганди. Ўша пайтлари 5 хил касалликка қарши 11 турдаги дори воситалари бепул берила бошлаган.
Ҳозирги кунга келиб 8 та ҳудудда тўлиқ жорий қилинди. Реимбурсация дастурига кўра оилавий шифокор тавсиясига асосан аҳоли ўртасида учрайдиган 12 турдаги сурункали касалликларга 28 хилдаги дори воситалари бепул тарқатилади.
Аввало, ушбу эзгу ишда Президентимизнинг 2024 йил 5 сентябрдаги “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуруламал бўлганини айтиш зарур.
Зеро, унда шифокор томонидан расмийлаштирилган электрон рецепт асосида дори воситалари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми доирасида беморга дорихоналар томонидан бепул берилиши ва барча харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши белгилаб қўйилган.
Ҳозир дастурга кўра 7 хил сурункали хасталик — гипертония, юрак-ишемик касаллиги, қандли диабетнинг 2 тури, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив хасталиги киритилган бўлиб, уларга чалинган беморларга 28 хил дори-дармонлар бепул берилади.
2025 йилда реимбурсация дастури доирасида сурункали касалликлар билан диспансер назоратида бўлган 1.3 миллион нафарга яқин бемор ва 90 млрд сўмлик уларнинг сарф-харажатлари тўлиқ давлат томонидан қоплаб берилди.
- Кириб келган 2026 йилда Давлат тиббий суғуртаси тизими олдида яна қандай вазифалар турибди?
- 2026 йилда реимбурсация дастурини бутун республикада жорий қилиш мақсад қилиб қўйилган. Дори воситалари ва касалликлар турларини кафолатланган пакет доирасида кенгайтириш кўзда тутилган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/IuNwVs3JFo8" title="Reimbursatsiya va bepul dori vositalarini berish tartibi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Анвар Аҳмедов (видео), ЎзА