French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Реимбурсация – ижтимоий ҳимоянинг янги шакли
17:28 / 2025-06-23

Соғлиқни сақлаш соҳаси – ҳар бир жамиятнинг мустаҳкам пойдевори. Давлат тиббий суғуртаси ва реимбурсация тизимининг жорий этилиши юртимизда соғлиқни сақлаш тизимидаги муҳим бурилиш нуқтасидир. Давлат тиббий суғуртаси орқали аҳолига тақдим этилаётган бепул дори воситалари фуқароларнинг тиббий ёрдамдан тенг фойдаланишини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Реимбурсация тиббий суғуртанинг муҳим таркибий қисми бўлиб, бунда амбулатор шароитдаги беморлар зарур дори-дармонлар билан бепул таъминланади, дори-дармонга сарфланган маблағлар давлат томонидан қопланади. Ушбу дастур орқали гипертония, қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, бронхиал астма каби кенг тарқалган ва узоқ муддатли даволашни талаб қилувчи касалликлар қамраб олинган. 2022 йилдан бери дастур босқичма-босқич жорий этилмоқда. 

Масалан, Сирдарё вилоятида дастлаб 928 нафар бемор қамраб олинган бўлса, 2024 йилга келиб, уларнинг сони 22 минг нафардан ошди. Тошкент шаҳрида эса 2025 йил май ҳолатига кўра, 45 мингдан ортиқ фуқаро реимбурсация орқали дори олган. Умуман, дастур 800 дан ортиқ дорихонани қамраб олган ва 4,7 миллиард сўмдан ортиқ маблағ беморлар учун қопланган. Бу кўрсаткичлар нафақат дастурнинг техник самарадорлигини, балки жамиятдаги эҳтиёж ва ишончнинг ўсиб бораётганини ҳам тасдиқлайди. 

– Давлат тиббий суғуртаси орқали аҳолига тақдим этилаётган бепул дори воситалари фуқароларнинг тиббий ёрдамдан тенг фойдаланишини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Ижро этувчи директор ўринбосари Улуғбек Кандимов. – Тизимнинг асосий афзалликлари шундаки, бепул дори-дармонлар аҳоли учун ортиқча молиявий юк юкламайди. Электрон рецептлар шаффофликни таъминлайди, инсон омилини камайтиради. Автоматлаштирилган назорат ҳар бир рецепт ва дори тақдири юзасидан аниқ ҳисобот олиш имконини беради. 

Ҳудудлар бўйича тенглик таъминланади, яъни чекка ҳудудлар аҳолиси ҳам сифатли дори воситаларига эга бўлади. 

Оқилона молиявий режалаштириш орқали давлат бюджети маблағлари самарали ва манзилли сарфланади. 

Жаҳон тажрибасига назар ташласак, Германия, Франция, Жанубий Корея каби давлатлар тиббий суғурта орқали аҳолини тўлиқ ёки қисман дори-дармонлар билан таъминлашни йўлга қўйган. 

Мисол учун, Германияда барча фуқаролар мажбурий суғурта билан қамраб олинган, дори-дармонлар учун фақатгина белгиланган миқдорда тўлов амалга оширилади. Францияда реимбурсация даражаси бемор ҳолатига қараб 30 фоиздан 100 фоизгача бориши мумкин. Жанубий Кореяда эса ҳар бир дори учун суғурта компанияси билан келишилган нархда қоплаш тизими мавжуд. Ўзбекистондаги бугунги ҳолат халқаро андазаларга тўғри келадиган шаклда юз бераётганини кўришимиз мумкин. Энг муҳими, тизимнинг реал эҳтиёжларга қараб мослаштирилаётганидир. 

Жорий йилдан бошлаб реимбурсация тизими бутун республика ҳудудларида жорий этилиши, қамров доирасини кенгайтириб, болалар, кексалар, ногиронлиги бор фуқаролар учун ҳам махсус дастурларни ўз ичига олиши режалаштирилмоқда. 

2024 йилнинг 5 сентябридаги “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. 

Шу билан бирга, дори воситалари рўйхатини қайта кўриб чиқиш ва сифат стандартларини белгилаш каби масалалар ҳам кун тартибида. Дастур фақат тиббий ёрдам эмас, балки ижтимоий адолат ва инсонпарварлик тамойилларини ҳам ифода этади. Бу, давлатнинг халққа юзланиши, саломатликни энг олий қадрият сифатида кўраётганининг исботидир. 

Давлат ва фуқаро ўртасида янги ишонч кўприги реимбурсация тизими ўз моҳиятига кўра фақат тиббий ёрдам эмас, балки соғлом ҳаётга бўлган ишончни тиклаш механизмидир. У орқали давлат ва фуқаро ўртасида янада очиқ, шаффоф ва ишончли муносабат шаклланмоқда. Бу ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга ошиши учун эса нафақат давлат органлари, балки ҳар бир фуқаронинг хабардорлиги, фаоллиги ва ишончи зарур. Зеро, соғлом инсон соғлом жамиятнинг асосидир. 

Моҳигул Қосимова, ЎзА