Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Реимбурсация дастури амалда: беморларга дорилар бепул берилади
14:02 / 2022-11-18

Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини муассасаларида халқаро тажрибалар асосида қатор дастурлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳолига кафолатланган пакет доирасида бепул тиббий ёрдам кўрсатиш ва дори воситалари билан таьминлаш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, сурункали касалликларни амбулатор шароитда даволашда зарур бўладиган айрим дори воситалари билан беморларни дорихона орқали бепул таъминлаш дастури ишлаб чиқилди. Ушбу дастур Реимбурсация деб номланади.

Реимбурсация – инглизча сўз бўлиб, “харажатларни қоплаш” маъносини англатади – бу аҳолини дори воситалари билан таъминлаш ҳисобланиб, алоҳида сурункали касалликларни даволаш учун шифокор томонидан буюрилган дори воситалари харажатларини мақсадли компенсация қилишни назарда тутади.  

Даволаш стандартларига кўра дори воситаларини қабул қилиш ҳар қандай касалликни даволашнинг ажралмас қисмидир, бироқ сурункали касалликларни амбулатор шароитда узлуксиз даволаш тизими мукаммал эмас. Шу боис аҳолини зарур дори воситалардан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида Реимбурсация дастури амалиётга жорий этилди. Мазкур дастур беморга оилавий шифокор ёзган электрон рецепт асосида дорихоналар орқали дори воситаларини бепул олиш имконини беради.  

Реимбурсация дастурига Сирдарё вилоятида тажриба-синов тариқасида артериал гипертония, юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг 2-тури, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали касалликларини амбулатор шароитда даволаш учун 11 турдаги дори воситаси киритилган. Бу ишлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ва дорихоналар ўртасида тузилган ҳамкорлик шартномаси асосида амалга оширилмоқда.  

– Ҳозирда Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳри, Сирдарё, Боёвут, Сайхунобод ва Мирзаобод туманларида “диспансер” ҳисобда турадиган беморларга дори воситалари етказиб бериш мақсадида бир қатор дорихоналар билан шартнома тузилди, – дейди Давлат тиббий суғуртаси ҳудудий бўлим бош мутахассиси Дилором Эргашева. – Бунда рўйхатда келтирилган касалларни амбулатор шароитда даволаниши учун электрон рецепт асосида дори воситалари берилмоқда. Албатта, бундан сурункали касаллиги бор беморлар ва уларнинг яқинлари хурсанд. Чунки, дорихона орқали бепул тақдим этилаётган дори воситалари касалликларнинг асоратини бартараф этиш билан бир вақтда турли оворагарчиликларнинг олдини олмоқда.  

Қувонарлиси, Реимбурсация дастури доирасида Сирдарёда бошланган ишлар ўз ижобий натижасини кўрсатгач, 2023 йилдан бошлаб юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма босқич жорий этилади.  

Шуҳрат Суяров,  

ЎзА.