Самарқандда Ўзбекистон Кинематография агентлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” шиори остидаги “Кинокарвон” аксияси доирасида Регистон майдонида киноижодкорлар билан учрашув, фильмлар тақдимоти ва намойиши ўтказилди.
Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов ҳамда ўзбек кино санъати вакиллари мазкур акция вилоятнинг олис ҳудудларидаги аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, кино олами янгиликлари билан уларни яқиндан таништириш учун қулай имконият бўлганини таъкидлади.
Учрашувда 101 нафар ўзбек аскари жасоратига бағишланган “Матонат” ҳужжатли фильми ижодкорларига миннатдорлик билдирилиб, улар агентлик ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан муносиб рағбатлантирилди. Шунингдек, айни пайтда суратга олинаётган Самарқанд фарзанди, буюк саркарда Баҳодир Ялангтўш қаҳрамонлиги ҳақидаги “Баҳодир Ялангтўш” бадиий фильмини тайёрлаш жараёнлари тўғрисида маълумот берилди.
– Ушбу фильмга тайёргарлик жараёни жуда катта масъулият талаб қилади, – дейди фильм режиссёри Жаҳонгир Аҳмедов. – Негаки, бу ерда нафақат мамлакатимиз, балки жаҳонга машҳур саркарда ҳаёти ва фаолияти ҳақида гап кетяпти. Фильмни яратиш бўйича тарихчи олимлар ва мутахассислар билан бамаслаҳат ишлаяпмиз.
Учрашув сўнгида 2001 йил 11 сентябрда Нью-Йоркда террорчилик ҳаракати содир этилган пайтда Ўзбекистон авиакомпаниясига тегишли “Боинг-757” самолёти 101-рейс экипажи кўрсатган қаҳрамонлик ҳақида ҳикоя қилувчи “101-рейс” бадиий фильми намойиш этилди.
Ғ.ҲАСАНОВ А. Исроилов (сурат), ЎзА