Шу кунларда регби бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Тошкент вилоятида жойлашган “Янгиобод” ўқув-спорт мажмуасида навбатдаги машғулотларни олиб бормоқда.
- Мазкур ўқув-йиғин жорий йилнинг 18-19 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасида регби-7 бўйича ўтказиладиган Осиё чемпионатига тайёргарлик босқичини ўтайди, - дейди Ўзбекистон регби федерацияси ижрочи директори Рустам Набиев. - Машғулотларни қозоғистонлик тажрибали тренер-маслаҳатчи Анастасия Хамова олиб бормоқда. Қозоғистонлик мутахассисга мамлакатимизнинг 7 нафар тренер-мутахассиси ёрдам бермоқда. Ўқув-йиғинда юртимизнинг турли ҳудудларидан сараланган 15 нафардан зиёд иқтидорли ёш спортчилар қатнашяпти. Машғулотларда маҳоратини ошираётганлар орасидан сараланганлар қитъа чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Регбичи қизларимиз учун 2021 йилнинг энг нуфузли мусобақаси ҳисобланган Осиё чемпионатида қитъамизнинг 10 дан ортиқ давлати иштирок этиши кутилмоқда. Ҳозиргача Қирғизистон, Қозоғистон, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлар ва Таиланд регби федерациялари Тошкент турнирида қатнашишини тасдиқлади.
Ўқув-машғулот йиғини жорий йилнинг 17 августигача давом этади.
Т. РЎЗИЕВ.