Регби бўйича вилоят очиқ чемпионати бўлиб ўтди
Фарғонада спортнинг регби тури бўйича вилоят очиқ чемпионати ўтказилди.
Фарғонада спортнинг регби тури бўйича вилоят очиқ чемпионати ўтказилди. Унда вилоят ташкилот ва муассасаларидан 15 та жамоа ўзаро куч синашди.
Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, спортнинг ҳар хил турларини, шу жумладан, регбини янада оммалаштириш муҳим эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида регби спорт турини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур спорт турини ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир. Бугунги кунда Фарғона вилоятидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида регби бўлимини очиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган. Регби бўйича мазкур мусобақанинг ўтказилишидан асосий мақсад ҳам фуқароларни ушбу спорт турига қизиқишини оширишдан иборатдир.
Фарғона давлат университетининг спорт мажмуасида уч кун давомида жамоалар регбида маҳоратларини намойиш этди. Мусобақа якунига кўра, Шарқий ҳарбий округнинг “Жасорат“ жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди.
7 та номинация бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, ташкилотчиларнинг совғалари билан тақдирланди.
Тақдириш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев иштирок этди.